
Разведка Трампга Эрон «энг заиф ҳолатда» эканини маълум қилди
АҚШ маъмурияти ичида айни пайтда Эронга ҳарбий зарбалар бериш мақсадга мувофиқлиги борасида баҳслар кетмоқда.

АҚШ разведка хизматлари президент Доналд Трампга тақдим этган ҳисоботларга кўра, Эрон ҳукумати 1979 йилги Ислом инқилобидан бери энг заиф ҳолатда. Бу ҳақда манбаларига таяниб, «The New York Times» хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, разведканинг кўплаб маърузалари Теҳрондаги ҳокимият мисли кўрилмаган даражада заифлашганини кўрсатмоқда. 2025 йил охирида бошланган норозилик намойишлари ҳатто олий раҳнамо Али Хоманаийни қўллаб-қувватлаш таянчи ҳисобланган ҳудудларни ҳам қамраб олган. Шу билан бирга, «тарихан заиф иқтисодиёт» ҳукуматни аҳоли аҳволини яхшилаш имкониятидан маҳрум қилган, 2026 йил январ ойида намойишларни куч билан бостириш эса одамларни ҳокимиятдан янада узоқлаштирган.
Айни пайтда Трамп маъмурияти минтақадаги ҳарбий иштирокни кучайтирмоқда. 27 январ ҳолатига кўра, «Авраам Линколн» авианосеци учта «Tomahawk» қанотли ракеталари билан жиҳозланган кемалар ҳамроҳлигида АҚШ Марказий қўмондонлиги масъулият ҳудудига кирди. Пентагон шунингдек қўшимча F-15E ҳужумчи самолётлари билан гуруҳни кучайтирди, базаларни ҳимоя қилиш учун «Patriot» ва «THAAD» тизимларини жойлаштирди ҳамда АҚШ ҳудудидаги узоқ масофали бомбардимончиларни юқори шай ҳолатга келтирди.
Бундан олдин Трамп намойишларни шафқатсиз бостиргани учун Теҳронга «илгари ҳеч қачон кўрилмаган» зарбалар билан таҳдид қилган эди. Бироқ 26 январ куни «Axios»га берган интервюсида АҚШ президенти ҳозирча бу зарбаларни бермасликка қарор қилганини, чунки Эрон ҳукумати намойишчиларга нисбатан қатлларни бекор қилганини айтганди.
«The New York Times»нинг ёзишича, АҚШ маъмурияти ичида айни пайтда Эронга ҳарбий зарбалар бериш мақсадга мувофиқлиги борасида баҳслар кетмоқда, айниқса агар бу зарбалар фақат рамзий тусга эга бўлиб, намойишларни бостиришда иштирок этган ҳукумати вакилларига алоқадор объектлар билангина чекланса.
Намойишлар қурбонлари сони ҳақидаги маълумотлар турлича. «Time» журналига гапирган Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг икки юқори лавозимли амалдори маълумотларига кўра, биргина 8–9 январ кунлари 30 минг нафаргача одам ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Расмий ҳукумат эса 23 январ куни 3 117 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг айтишича, улардан 2 427 нафари тинч аҳоли ва хавфсизлик кучлари вакиллари, 690 нафари эса «террорчилар» бўлган.





