Сенат лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартириш киритишга оид қонунни маъқуллади
Сенатнинг 19-ялпи мажлисида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўзгартириш тўғрисидаги қонун маъқулланди ва кўриб чиқиш учун президентга юборилди. Қонун қуйидаги ўзгаришларни назарда тутади:

Ғ ғ → Ğ ğ
Ў ў → Ö ö
Ш ш → Ş ş
Ч ч → Ç ç
10-сентябр куни Сенат «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонунни маъқуллади.
Янги қонунга кўра, амалдаги 26 та ҳарф ва учта ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ҳамда битта тутуқ белгисидан иборат алифбо жорий этилади. Асосий ўзгаришлар тўртта ҳарф ва ҳарфлар бирикмасига тааллуқли.
Хусусан, «Ғ ғ» ўрнига «Ğ ğ», «Ў ў» ўрнига «Ö ö», «Ш ш» ўрнига «Ş ş», «Ч ч» ўрнига эса «Ç ç» белгилари қўлланади.
Сенатор Оҳунжон Маматкаримовнинг айтишича, янги ёндашув «бир товуш — бир ҳарф» тамойилига мос келади ва 1995-йилда алифбонинг амалдаги таҳрири қабул қилинганидан кейин юзага келган қатор қийинчиликларни бартараф этиши керак.
Сенаторнинг таъкидлашича, амалдаги алифбода Ў ва Ғ ҳарфларини компютерда ёзиш учун бир нечта амал бажариш талаб этилади. Шу сабабли уларнинг амалиётда ўндан зиёд шаклидан фойдаланилмоқда.
Бу ҳолат ахборот технологияларида ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Жумладан, айрим дастурлар, луғатлар ва қидирув тизимлари «Ў» ва «Ғ» ҳарфларини турлича таниши ва ўзбек тилидаги маълумотларни тўлиқ индексга киритмаслиги мумкин.
«Ш» ва «Ч» ҳарфларининг ҳарфлар бирикмаси кўринишида ёзилиши ҳам ўзбек тилини рақамлаштиришда ноқулайлик туғдирмоқда. Сенатор бу ҳолат имлода чалкашликларга, айрим сўзларни нотўғри ўқиш ва ёзишга ҳам сабаб бўлаётганини қайд этди.
Эски ёзувдаги ҳужжатлар, пешлавҳалар тақдири нима бўлади?
Янги таҳрирдаги таҳрирдаги алифбога ўтиш жараёнида фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олиш мақсадида Қонун кучга киргунига қадар амалдаги алифбо асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг муомалада бўлишига тўсқинлик қилинмаслиги белгиланмоқда.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг айрим рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичларидан улар яроқсиз ҳолатга келгунига қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланишга рухсат берилади.
Сенаторлар қонун ўзбек алифбоси ва имло қоидаларини такомиллаштириш, давлат тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ўзбек тилини рақамлаштиришни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлаган. Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Эслатиб ўтамиз, 7-июл куни «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилганди.





