Саида Мирзиёевага қўшимча вазифалар юклатилди
Президент фармони билан Саида Мирзиёева амалдаги лавозимини сақлаган ҳолда Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси этиб тайинланди.

Ўзбекистон Президентининг фармонига мувофиқ, Президент Администрацияси раҳбари Саида Шавкатовна Мирзиёева ҳозирги лавозими билан ўриндошлик асосида Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси лавозимига тайинланди.
Бошқарувчи Молия маркази кенгашининг Бош котиби ҳисобланади, кун тартибини шакллантиришни ташкил этади, раис қатнашмаган мажлисларда уларга раислик қилади.
Молия маркази фаолиятини йўлга қўйишни мувофиқлаштириш бошқарувчи фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлади. Биринчи навбатдаги ҳужжатларни тайёрлаш, давлат органлари ва Марказ тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш шулар жумласидан.
Шунингдек, Молия маркази номидан Ўзбекистонда ва хорижда халқаро ташкилотлар, инвесторлар ҳамда ҳамкорлар билан муносабатларда Марказга вакиллик қилиш, кадрлар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этиш, жумладан, Молия маркази маъмуриятининг ижрочи директорини ва унинг ўринбосарларини тайинлаш, Молиявий хизматлар бошқармаси раҳбарияти бўйича тавсиялар киритиш ҳам бошқарувчининг муҳим функсиялари сирасига киради.
Бошқарувчи, шунингдек, битимлар тузиш, ишчи гуруҳлар ташкил этиш ва экспертларни жалб қилиш ҳуқуқига эга.
Март ойида Шавкат Мирзиёев инглиз ҳуқуқи асосида фаолият юритувчи Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.
Шундан сўнг, қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2-июн куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенатга юборилган эди. Сенаторлар инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро тижорат судининг ваколатлари ҳамда айрим ҳуқуқий нормаларни аниқлаштириш зарурлигини билдириб, ҳужжатни қайта ишлаш учун қайтарган.
Келишув комиссияси иштирокида қайта ишланган қонун 9-июл куни Сенат томонидан маъқулланди. Орадан бир кун ўтиб, президент уни имзолади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz кимлар Тошкент халқаро молия маркази иштирокчиси бўла олиши ҳақида маълумот берганди.





