Шойгу Арманистонни «ҳалокатлар»дан огоҳлантирди
Россия ва Арманистон ўртасида темир йўллар бошқаруви борасидаги зиддият янги босқичга чиқди — бу қарор ортида қайси сиёсий ва иқтисодий хавфлар яширин?

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу Арманистон темир йўлларини бошқаришда Россияни алмаштириш уринишлари салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билдирди. У бу ҳақда «ТАСС» агентлигига берган изоҳида маълум қилди.
Шойгунинг таъкидлашича, бундай қарор «етарлича ишлаб чиқилмаган» ҳамда «хавфли тажриба» бўлиб, унинг оқибатларини оддий фуқаролар ҳис қилиши мумкин.
«Деярли йигирма йил давомида қурилган тизим бир зумда қулаши мумкин», — деди у.
Арманистон темир йўлларини 2008 йилдан буён «Россия темир йўллари» компаниясининг «Жанубий Кавказ темир йўли» шуъба корхонаси 30 йиллик концессия шартномаси асосида бошқариб келмоқда.
Концессия атрофида баҳс
Арманистон бош вазири Никол Пашинян феврал ойида Россияга концессия ҳуқуқларини «дўст давлат»га сотиш таклифини илгари сурган эди. Мумкин бўлган вариантлар қаторида Қозоғистон, БАА ёки Қатар тилга олинди.
Пашинян Россия иштирокидаги концессия мамлакат учун маълум рақобат йўқотишларини келтириб чиқараётганини айтган. Шойгу эса Россия томонидан республика темир йўлларга 30 миллиард рублдан ортиқ маблағ сарфланганини таъкидлади.
Унинг айтишича, бу жараёнда 700 километр йўлнинг 520 километридан ортиғи таъмирланган, шпалларнинг ярми янгиланган ва 50 дан зиёд иншоот, жумладан 38 кўприк ҳамда икки тоннел реконструкция қилинган. Россия томони Ереваннинг янги шериклар излашини танқид қилмоқда.
Зангезур йўлаги ва Америка омили
Арманистон томони ўтган йили Россиядан айрим темир йўл участкаларини тиклашни сўраган ва керак бўлса уларни давлат маблағлари ҳисобига қайта қуришга тайёрлигини билдирган эди.
Бу жараён Жанубий Кавказдаги Зангезур йўлаги лойиҳаси билан боғлиқ бўлиб, уни хусусий америкалик компания бошқариши режалаштирилган.
12 феврал куни Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук Москва Арманистон билан 1,6 км ва 12,4 км узунликдаги иккита участкани тиклаш бўйича «амалий музокараларга киришиш»га қарор қилганини маълум қилди. Пашинян ушбу баёнотни олқишлади, бироқ иш кўлами кичиклиги ва вақт зиқлигини инобатга олиб, ҳозирча «музокара ўтказадиган нарса йўқ»лигини айтди.
«Биз буни амалга оширгунимизча, муқобил темир йўл қуриб бўлинади ва биз яна: "Арманистон яна четда қолди", деб ўтирамиз. Йўқ, муҳокама қиладиган нарса йўқ — аввал қурайлик, кейин муҳокама қиламиз», — деди Пашинян.





