add

Сирлар ошкор бўлганда: тарихдаги энг йирик махфий маълумотлар сизиши

Kecha 08:5810 daqiqa

Рақамли технологиялар ривожи шунга олиб келдики, ўта махфий маълумотларнинг сизиб чиқиши ва оммага ошкор этилиши оддий ҳолатга айланиб бормоқда. Ушбу таҳлилда яқин тарихдаги энг йирик маълумотлар сизиши ҳақида гап боради.

Сирлар ошкор бўлганда: тарихдаги энг йирик махфий маълумотлар сизиши

АҚШлик молиячи Жеффри Эпштейннинг шахсий ёзишмалар архиви — болаларни шаҳвоний эксплуатациясини ташкил этганликда айбланган шахсга оид «Эпштейн файллари»нинг эълон қилиниши бутун дунё бўйлаб нуфузли шахслар атрофида катта можароларга сабаб бўлди.

Аммо бу махфий маълумотлар илк бор оммавий муҳокамага сиздирилаётган илк ҳолат эмас. «Ведомости» нашри энг шов-шувли ҳолатларни ёдга олди.

 

«Эпштейн файллари»

2005 йилда Флорида штати, Палм-Бич шаҳри полицияси молиячи Жеффри Эпштейнга нисбатан 14 ёшли қизга жинсий зўравонлик айби билан тергов бошлаган эди. Ўшандаёқ ОАВ манбалари Эпштейн уйига келиб-кетган нуфузли меҳмонлар ҳақида, улар учун у шаҳвоний хизматлар ташкил этгани тўғрисида хабар қилган.

Ўша пайтда иш тергов билан келишув асосида якунланиб, 18 ойлик жазо билан чекланган. Бироқ жабрланувчилар Эпштейнга қарши даъволарни давом эттирдилар ва 2019 йилда у одам савдоси ва фоҳишаликка мажбурлаш гумони билан яна ҳибсга олинди. Ўша йили молиячи, расмий версияга кўра, қамоқхона камерасида ўз жонига қасд қилган.

«Эпштейн файллари» — жиноят ишига оид минглаб ҳужжатлар мажмуаси бўлиб, унга молиячининг ёзишмалари, унинг қасридан олинган суратлар, шунингдек гувоҳлар кўрсатмалари киради. Ушбу материалларда кўплаб таъсир доираси катта шахслар тилга олингани маълум эди, аммо уларнинг ким экани узоқ вақт сир бўлиб қолаётган эди.

2024 йил январь ойида Ню Йорк штати Жанубий округи федерал суди ҳужжатларнинг кичик қисмини ошкор қилди, шундан сўнг эълон қилишлар тўхтатилди. Доналд Трамп сайлов кампанияси давомида барча ҳужжатларни жамоатчиликка эълон қилишга ваъда берган эди, бироқ президентликка киришгач, бу мавзудаги фаоллигини пасайтирди.

Оқибатда АҚШ Конгресси Адлия вазирлигини бутун архивни эълон қилишга мажбурловчи қонунни қабул қилди. «Эпштейн файллари»ни ошкор этиш жараёни 2025 йил декабр ойида бошланди.

 

«Барча сиздиришларнинг онаси»

2024 йил январ ойида «Security Discovery» ва «CyberNews» киберхавфсизлик компаниялари мутахассислари очиқ киришда жойлашган, 26 млрддан ортиқ ёзувни ўз ичига олган маълумотлар базасини аниқлади. Улкан ҳажми сабаб у «Барча сиздиришларнинг онаси» деб атала бошлади.

База тахминан 12 терабайт ҳажмдаги турли хил фойдаланувчи маълумотларини қамраб олган: «Weibo», «Twitter», «Dropbox», «LinkedIn» ва «Adobe»дан тортиб, давлат онлайн-хизматларигача бўлган маълумотлар шу ерда жамланган эди.

Кўп ўтмай маълум бўлдики, бу янги йирик сиздириш эмас, балки 4000 дан ортиқ илгарироқ сиздирилган маълумотларнинг компиляцияси экан. «SpyCloud Labs» тадқиқотчилари ушбу массивни таҳлил қилиб, маълумотларнинг камида 94 фоизи ёки эскирган, ёки уларнинг компрометация қилингани ҳақида олдиндан маълум бўлганини қайд этди.

Асосий хавф шундаки, кўплаб фойдаланувчилар ҳатто логин ва пароллари ғараз ниятли шахслар қўлига тушгани ҳақида билган ҳолда ҳам уларни ўзгартирмайдилар. Бундан ташқари, кўп одамлар турли сервислар учун бир хил логин ва пароллардан фойдаланадилар. Шу сабабли ушбу база ҳакерлар учун мутлақо бефойда, дейиш ўринсиз.

 

«Пандора архиви»

2021 йил октябр ойида Халқаро суриштируви журналистлар консорциуми (ICIJ) томонидан эълон қилинган «Пандора архиви» 14 та офшор хизматлар провайдери архивларидан олинган 11,9 млн ҳужжатни ўз ичига олган. Бу провайдерлар турли юрисдикцияларда, жумладан Панама, Швейцария ва БААда фаолият юритган.

Энг кўп ҳужжат — 3,76 млн файл — соҳада 1970-йиллардан бери ишлаб келаётган йирик компаниялардан бири «Trident Trust Group»дан сизиб чиққан. Иккинчи ўринда эса (2,19 млн файл) «Alcogal» номи билан ҳам танилган, Панамада жойлашган «Alemán», «Cordero», «Galindo & Lee» юридик фирмаси туради.

Бу улкан маълумотлар массивини таҳлил қилиш учун ICIJ дунё бўйлаб 117 мамлакатдан 600 нафар журналистни жалб қилди. Архивда 35 нафар амалдаги ва собиқ жаҳон етакчилари, 91 мамлакатдан 330 нафар юқори лавозимли амалдор ва «Forbes» рўйхатидан жой олган 130 нафар миллиардернинг офшор ҳисоблари ҳақида маълумотлар аниқланди.

Офшорлардан фойдаланишнинг ўзи ноқонуний ҳисобланмайди, бироқ тергов жараёнида айрим амалдорлар ва бизнесменлар шубҳали схемаларга аралашгани, қонун ва этика меъёрларини очиқча бузгани ёки уларнинг ҳаракатлари жамоат манфаатларига зид экани аён бўлди.

 

«Жаннат досйеси»

2017 йил ноябрь ойида Халқаро суриштирувчи журналистлар консорциуми (ICIJ) «Жаннат досйеси»га асосланган мақолалар туркумини эълон қилди. Унда 19 та офшор юрисдикцияга оид 13,4 млн ҳужжат жамланган бўлиб, уларда жаҳон етакчилари, юқори лавозимли амалдорлар ва машҳур шахслар тилга олинган. «Панама досйеси»дан фарқли ўлароқ, бу маълумотлар битта манбадан эмас, балки 21 та алоҳида маълумот сизиб чиқиши натижасида қўлга киритилган.

Ҳужжатларнинг асосий қисми «Asiaciti Trust» ишончли бошқарув компанияси ҳамда «Appleby» адвокатлик идорасидан сизиб чиққан. Бу ҳолат офшор индустриясининг обрўсига жиддий зарба бўлди.

Агар «Панама досйеси» ҳолатида офшорларни ҳимоя қилувчилар фош этилган компания мижозлар маблағларининг келиб чиқишига кам эътибор берадиган шубҳали фирма эканини таъкидлаган бўлсалар, «Appleby» эса «сеҳрли ҳалқа» деб аталадиган, офшор компанияларини рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланувчи энг нуфузли ва респектабел адвокатлик идоралари гуруҳига киради.

 

«Панама досйеси»

2015 йилда номаълум манба Германиянинг «Süddeutsche Zeitung» газетасига Панамада жойлашган «Mossack Fonseca» юридик компаниясининг 2,6 терабайтлик архивини тақдим этди.

Унда 1977–2015 йиллар даврини қамраб олган 11,5 млн ҳужжат мавжуд эди. Газета бу маълумотларни ICIJ билан бўлишди ва қарийб бир йил давомида 78 мамлакатдан 400 нафар журналистдан иборат гуруҳ архив устида иш олиб борди. 2016 йил апрель ойида досйега асосланган мақолаларнинг илк туркуми эълон қилинди. Улар орасида 12 нафар амалдаги ёки собиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳам бор эди.

«Панама досйеси» маълумотлари орқали ноқонуний ўзлаштирилган 1,36 млрд доллар маблағни қайтаришга эришилганини Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази ҳисоблаб чиқди. Қатор мамлакатларда юқори лавозимли шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

«Mossack Fonseca» компанияси эса обрў-эътиборига етган жиддий зарарни бартараф эта олмай, 2018 йил март ойида ўз фаолиятини тўхтатди.

Шу йилнинг ўзида «Süddeutsche Zeitung» «Mossack Fonseca»га оид яна бир маълумот сиздирмасини қўлга киритди — у асосан 2016–2017 йилларга тааллуқли 1,2 млн ҳужжатдан иборат эди. Уларда халқаро тергов компания бизнесига қандай оғир таъсир кўрсатгани яққол акс этган. Шунингдек, мазкур материаллар журналистларга аввалги суриштирувда тилга олинган айрим шахслар ҳақидаги маълумотларни тўлдириш имконини берди.

 

SwissLeaks

2015 йилнинг феврал ойида хусусий мижозларга хизмат кўрсатган HSBC банкнинг Швейцариядаги бўлинмасидан 2006–2007 йилларга оид 100 мингта ҳисоб рақам ҳақидаги 3,3 гигабайт маълумот «сизиб чиқди».

Бу маълумотларни ишдан кетиш чоғида IT-бўлим ходими Эрве Фалчиани ўзи билан олиб чиққан ва Франция молия вазири Кристин Лагардга топширган. У эса ўз навбатида ушбу материалларни бир қатор давлатларнинг солиқ органларига юбориб, маълумотларда тилга олинган шахслар ўз мамлакатларида солиқ тўлашдан бўйин товлаган-товламаганини текширишни сўраган.

Маълумотлар Франциянинг «Le Monde» газетаси ихтиёрига ҳам тушган ва у уларни ICIJ билан бўлишган.

2017 йил ноябр ойида HSBC Франция ҳокимияти билан солиқ тўлашдан бўйин товлашга кўмаклашгани ҳақидаги айбловларни ҳал этиш учун тахминан 300 млн евро тўлашга рози бўлди. Бир йил ўтиб банк АҚШ ҳукуматига ҳам 192 млн доллар тўлади: у орқали америкалик бой шахслар 1,26 млрд доллар миқдоридаги активларни солиқ органларидан яширган, деган айб қўйилган эди.

2015 йилда Швейцария суди Фалчианини маълумот ўғирлагани учун беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. У судга келмади ва маҳаллий адолат тизимига ишонмаслигини билдирди. Фалчиани Франция фуқароси бўлгани сабабли уни Швейцария ҳокимиятига экстрадиция қилишнинг имкони бўлмади.

 

«Люксликс»

2014 йилдаги маълумот сизиб чиқиши Европа комиссияси раҳбари ва Люксембургнинг собиқ бош вазири Жан-Клод Юнкернинг сиёсий фаолиятини жиддий хавф остига қўйди.

Журналистлар қўлига тушган 4,4 гигабайт ҳажмдаги ҳужжатлар 2002–2010 йилларда йирик корпорациялар ҳерцоглик ҳукумати билан махфий келишувлар тузиб, даромадларининг бир қисмини Люксембургда рўйхатдан ўтказгани ва ўз мамлакатларида солиқ тўлашдан қочганини кўрсатган. Ҳужжатларда жами 340 та компания тилга олинган.

Ушбу схемаларда воситачи сифатида «PricewaterhouseCoopers» (PwC) аудиторлик компанияси иштирок этган. Компания тез орада маълумот манбаларини аниқлади. Улар аудитор Антуан Делтур ва клерк Рафаэл Але бўлиб чиқди. Делтур француз журналисти Эдуард Перрен билан боғланиб, бизнеснинг оммавий равишда солиқдан қочиши ҳақида маълумот берган. Але эса кейинчалик ҳужжатлар нусхаларини юборган. Шу билан бирга, маълумот узатилган пайтда Делтур «PwC»дан ишдан кетган, Але эса ҳали компанияда ишлаётган эди.

Учала шахсга нисбатан маълумот ўғирлаш ва махфий ахборотни ошкор қилиш айблови билан даъво қўзғатилди. Люксембург судининг биринчи инстанцияси журналистни оқлади, бироқ Делтурни 12 ой шартли жазо ва 1500 евро жаримага, Алени эса тўққиз ой шартли жазо ва 1000 евро жаримага ҳукм қилди. Шунингдек, улар «PwC»га рамзий тарзда 1 евро миқдорида товон пули тўлаши керак эди.

2018 йилда Люксембург кассация суди Делтурга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилди, аммо Аленинг апелляциясини қаноатлантирмади. Шундан сўнг Але ишни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига олиб чиқди ва 2023 йилда суд «аризачининг ҳаракатларининг жамоатчилик учун аҳамияти улардан келиб чиққан барча салбий оқибатлардан устун», деган хулосага келди. ИҲЕС Аленинг ҳукмини бекор қилиш, шунингдек унга 15 минг евро компенсация ва суд харажатларини қоплаш учун 40 минг евро тўлаш тўғрисида қарор чиқарди.


Offshore Leaks

2013 йил апрел ойида 170 та давлатдан бўлган мижозларга тегишли 130 минг офшор ҳисоб рақами ҳақидаги маълумотлар сизиб чиққанлиги маълум бўлди. Ўша пайтда бу турдаги энг йирик маълумотлар оқиб чиқиши эди. ICIJ журналистлари қўлига 2,5 млнта ёзув — 260 гигабайт ҳажмдаги маълумотлар тушган.

Қизиғи шундаки, барчаси офшорлардан эмас, балки 2000-йиллар ўртасида Австралиядаги энг йирик қаллобликлардан бири билан бошланган. Тим Жонстон исмли шахс ўзининг «Firepower» компанияси инқилобий технология яратганини эълон қилади: бензин бакига ташланадиган таблетка ёнилғи сарфини камайтиради ва зарарли чиқиндиларни қисқартиради, деб даъво қилади. У 60 млн доллар инвестиция жалб қилишга муваффақ бўлади, аммо 2007 йилда бу қаллоблик фош бўлади.

Икки йил ўтиб «Sydney Morning Herald» газетасининг суриштирув бўлими муҳаррири Жерард Райл «Firepower» қандай ишлагани ҳақида китоб чиқаради. Унда, жумладан, Жонстон пул жалб қилиш учун фойдаланган офшор компаниялари батафсил тасвирланган эди. Шундан сўнг Райлга номаълум шахс томонидан 2,5 млнта офшор ҳисоб рақамларига оид ҳужжатлар сақланган қаттиқ диск юборилади. Райл бу маълумотлар билан нима қилишни билмай қолади, чунки сиздирилган ҳужжатларда «Firepower» қаллоблигига умуман алоқаси бўлмаган компаниялар ҳақидаги маълумотлар ҳам бор эди.

2011 йилда Райл Вашингтонга кўчиб ўтиб, ICIJ директори лавозимини эгаллайди. Ўша пайтда бу уч нафар доимий ходимга эга кичик ташкилот бўлиб, «Тамаки контрабандаси» ёки «АҚШнинг хорижда ОИТВга қарши кураши» каби тергов материалларини эълон қилиб келарди. Ҳамманинг эътиборида эса «Wikileaks» бўлиб, у турли маълумот сизиб чиқишларини жамлаб, ўз жамоаси ва турли нашрлар журналистлари билан ҳамкорликда кенг кўламли терговлар эълон қилар эди. Райл ҳам шу йўлдан боришга қарор қилди.

ICIJ тўрт ўнлаб нашр журналистларидан иборат гуруҳ тузди ва 2013 йилда қаттиқ дискдаги маълумотларга асосланган суриштирувни эълон қилди. Бу нашр жамоатчиликда портлаган бомбадек таассурот қолдиради.

 

Эдвард Сноуден фош этган махфийликлар

2013 йил ёзида газета ва нашрлар номаълум манбага таяниб, АҚШ дунёнинг турли нуқталардаги одамларнинг телефон суҳбатларини тинглаши ва электрон хабарларини қўлга киритиши ҳақидаги фош этувчи маълумотларни эълон қила бошлади.

Кейинроқ шу каби амалиётлар Буюк Британия ва Франция махсус хизматлари томонидан ҳам олиб борилгани маълум бўлди. Маълумот манбаи америкалик Эдвард Сноуден эди. У Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) ва Марказий разведка бошқармаси (МРБ)да таҳлилчи бўлиб ишлаган пайтида 1,7 млн та махфий файлни олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Америка ҳокимияти таъқибидан қочиш мақсадида Сноуден 2013 йил май ойида таътилга чиқиб, Ҳонгконгга учиб кетади. У ерда у оммавий чиқишлар қилиб, фош этувчи маълумотларни ошкор этади ва шундан сўнг АҚШ томонидан давлат сирларини очиб беришда айбланади.

Сноуден Ҳонгконгдан сиёсий бошпана олишни режалаштирган эди, аммо маҳаллий ҳокимият унинг оролда қолиши мақбул эмаслигини билдирган. Оқибатда у Россияга ўтиб кетади ва 2022 йилда Россия фуқаролигини олади.

 

«Wikileaks» нашрлари

Жулиан Ассанж 2006 йил декабрь ойида «Wikileaks» сайтини ишга туширган. У ерда эълон қилинган биринчи йирик маълумот сизиб чиқиши Сомалидаги қўзғолончи ҳаракат етакчиси Ҳасан Зоҳир Увайс томонидан ёзилгани айтилган мактуб бўлди. Унда у ўз тарафдорларини ҳукумат амалдорларини ўлдириш учун киллерлар ёллашга чақиргани қайд этилган эди.

Шундан кейин Гуантанамо қамоқхонаси қўриқчилари учун қўлланма ва Швейцариядаги йирик хусусий банклардан бири — «Julius Baer»га оид ҳужжатлар эълон қилинди. Уларда, жумладан, офшорлар орқали солиқдан қочиш ҳолатлари ҳақида сўз борган.

Бироқ «Wikileaks» учун энг шов-шувли йил 2010 йил бўлди. Апрел ойида сайт Ироқда америкаликларнинг ҳарбий вертолёт бортдан олинган видеони эълон қилди. Унда ҳарбийлар тинч аҳолига ўқ узиб, улар орасида «Reuters» агентлиги ходимлари ҳам ҳалок бўлгани акс этган. «Reuters» агентлиги ушбу видеони АҚШ мудофаа вазирлигидан уч йил давомида сўраб келган, аммо натижа бўлмаган.

Июль ойида АҚШнинг Афғонистонга босқинига оид тахминан 75 минг ҳужжат очиқланди. Октябр ойида эса «Ироқ досйеси» — Ироқдаги уруш ва АҚШ ҳарбийларининг 2004–2009 йиллардаги оккупациясига доир 391 минг 832 та ҳужжат эълон қилинди. Ниҳоят, ноябр ойида Жулиан Ассанж 1966–2010 йилларга тааллуқли 251 минг 287 та АҚШ дипломатик телеграммасини оммага тақдим этди.

Teglar

Mavzuga oid