Logo

«Туронбанк» қаторида жами 100 трлн сўмлик давлат активлари йил охиригача савдога чиқарилади

Бугун 13:573 дақиқа

Ўзбекистонда хусусийлаштирилиши режалаштирилган йирик давлат активлари рўйхати янгиланди. Ундан «Туронбанк»нинг 98,9 фоиз, «Ўзэкспомарказ»нинг 91,83 фоиз ва Халқаро бизнес марказининг 79,27 фоиз улушлари, шунингдек, саноат, транспорт ва савдо соҳасидаги қатор корхоналар ўрин олган.

«Туронбанк» қаторида жами 100 трлн сўмлик давлат активлари йил охиригача савдога чиқарилади © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда 2026-йилда 100 трлн сўмлик давлат активлари савдога чиқарилиб, йил якунига қадар камида 14 триллион сўмлик даромад олинади. Бу ҳақда президентнинг 28-августдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-177-сон фармонида келтирилган.

Шунингдек, давлат иштирокидаги 85 та корхона тугатилади ёки қайта ташкил этилади. Илгари сотилмаган 84 та актив эса бошланғич нархи 1 миллион сўм этиб белгиланиб, қайта аукционга чиқарилади.

Харид қилиш шартлари енгиллаштирилди

Давлат активларини харид қилишда аванс тўлови 35 фоиздан 15 фоизгача туширилади. Қолган суммани фоиз ҳисобланмаган ҳолда босқичма-босқич тўлаш имконияти яратилади. Июл ойида президент Мирзиёев айни шу тартиб жорий қилинишини илк бор эълон қилганди.

Йирик битимлар учун ҳам янги шартлар белгиланади. Актив қийматини олти ой ичида тўлиқ тўлаган харидорга 25 фоиз чегирма берилади.

Шунингдек, актив қийматининг 35 фоизини уч ой ичида тўлаш шарти билан қолган суммани беш йилгача, 50 фоизини олти ой ичида тўлаш шарти билан эса етти йилгача фоизсиз бўлиб тўлашга рухсат этилади.

Ушбу механизмлар давлат иштирокидаги тижорат банклари балансидаги активларни сотишда ҳам қўлланиши мумкин.

Аукционларда янги механизмлар

Агар актив уч ой давомида сотилмаса, унинг нархини босқичма-босқич пасайтириш механизми жорий этилади. Айрим ҳолларда «гибрид аукцион»дан фойдаланилади. Бунда савдо давомида нархни аввал пасайтириш, кейинчалик эса ошириш имконияти яратилади.

Ер участкаларини сотишда эса «тайёр пакет» тамойили жорий қилинади. Бунда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишнинг техник шартлари ва зарур рухсат берувчи ҳужжатлар олдиндан тайёрланади.

Фармонда йирик давлат олий таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини босқичма-босқич тижоратлаштириш ҳамда уларга хусусий инвесторлар ва молиявий воситаларни жалб қилиш имкониятларини яратиш ҳам кўзда тутилган.

Йил охиригача сотувга чиқариладиган корхоналар

Ҳужжатга кўра, «Туронбанк»нинг 98,9 фоиз акциясини очиқ савдоларга чиқариш режалаштирилган. Банкнинг хусусийлаштиришга тайёрлик даражасини ҳисобга олган ҳолда ва халқаро консултантларнинг хулосалари асосида банкни хусусийлаштиришга тайёрлаш Иқтисодиёт ва молия вазирлигига топширилди.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида “Туронбанк” нинг хусусийлаштириш жараёнлари 2027-йилга қолдирилиб, 2026-йилда бирорта давлат банки сотилмаслиги маълум қилинганди.

100 фоиз капитали давлатга тегишли бўлган «Халқ суғурта» суғурта компаниясини ҳам тўлиқ хусусийлаштириш режалаштирилмоқда.

Транспорт соҳасида «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи»нинг 90 фоиз улуши ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» тизимига кирувчи «Андижон механика заводи»нинг 100 фоиз улуши сотувга қўйилади.

Бундан ташқари, қуйидагиларни сотиш кўзда тутилган:

●     «Ўзэкспомарказ»нинг 91,83 фоиз;

●     «Халқаро ҳамкорлик маркази» («Бодомзор» метро яқинидаги Халқаро бизнес маркази)нинг 79,27 фоиз;

●     «KO-UNG CYLINDER»нинг 54,76 фоиз;

●     «Kor-UNG Investment»нинг 50 фоиз;

●     «V-GEN BIOPHARMA»нинг 50 фоиз;

●     «Inno Texnopark»нинг 100 фоиз;

●     «Ustudy»нинг 50 фоиз;

●     «ЎЗБЕК-ТУРК ТЕСТ МАРКАЗИ»нинг 51фоиз улуши.

Халқаро ҳамкорлик маркази ва «Ўзэкспомарказ» учун алоҳида шартлар белгиланган. Уларни хусусийлаштириш Президент администрацияси билан келишилган концепция ва сотув шартлари асосида амалга оширилиши керак.

Рўйхатга давлатга тегишли бўлган «Трастбанк»даги улуш ҳам киритилган, бироқ у 0,001 фоизни ташкил этади. Ушбу пакетни алоҳида баҳоламасдан, биржа котировкаси бўйича сотишга рухсат берилган.

Бозорлар ва йўл корхоналари

Хусусийлаштириш йўл соҳасини ҳам қамраб олади. «Давлат автомагистрал» унитар корхонаси, шунингдек, автомобил йўлларини қуриш, фойдаланиш ва сақлаш бўйича бир қатор ҳудудий корхоналардаги акциялар ва улушлар пакетларини сотишни режалаштирмоқда.

Рўйхатга кўплаб савдо объектлари ҳам киритилган. Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги деҳқон бозорлари ҳамда савдо мажмуаларидаги давлат улушларини сотиш кўзда тутилган. Уларнинг кўпчилигида давлат назорат пакетига эгалик қилади.

Теглар

Мавзуга оид