add

UzAuto Motors’нинг бозордаги улуши сезиларли даражада камайди

Bugun 12:092 daqiqa

2025 йилда Ўзбекистон автомобил бозорида умумий сотув ўсган бўлса-да, UzAuto Motors’да пасайиш кузатилди. Хорижий брендлар сотуви эса ортди.

UzAuto Motors’нинг бозордаги улуши сезиларли даражада камайди

2025 йилда Ўзбекистонда маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар жами 427 минг 97 та автомобил сотди. Бу 2024 йилга нисбатан 24 минг 706 тага ёки 6,1 фоизга кўп бўлиб, бозорда умумий талаб ўсганини кўрсатди. Шу билан бирга, UzAuto Motors’нинг бозордаги улуши 87,9 фоиздан 84,2 фоизгача қисқарди.

11

Ўтган йил давомида мамлакат автомобил саноатида бир қатор таркибий ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, UzAuto Motors ишлаб чиқариш қувватларининг бир қисмини Хоразм вилоятидаги филиалига кўчирди. Бу қарор ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган бўлса-да, бозорда рақобат сезиларли даражада кучайганини кўрсатмоқда.

2025 йилда Chevrolet моделларининг сотуви 2024 йилга нисбатан 0,5 фоизга ўсди. Бироқ компаниянинг умумий сотув ҳажми ўсганига қарамасдан, бозор улуши пасайиши истеъмолчилар танловида ўзгариш юз бераётганидан далолат беради. Айниқса, UzAuto Motors’нинг юқори тоифадаги Malibu, Equinox, Tahoe ва Captiva моделларига бўлган талаб сезиларли камайди.

Хорижий брендларга қизиқиш ошди

2025 йилда хорижий брендлар фаоллиги кескин ортди. KIA сотувлари 32 фоизга, BYD 40 фоизга, Chery 50 фоизга, Haval 172 фоизга, Isuzu эса 38 фоизга ошди. Ушбу компаниялар асосан юқори тоифадаги автомобилларни таклиф қилиши бозорда қиммат сегментга талаб ортиб бораётганини кўрсатади.

22

Моделлар кесимида эса 2025 йилда ҳам Cobalt энг кўп сотилган автомобил бўлиб қолди. Damas ва Tracker моделлари ўз мавқеини сақлаб қолди. Шу билан бирга, бошқа брендлар сегментида ҳам ўсиш кузатилди. Жумладан, KIA Sonet модели сотуви бир йил ичида 2,5 баробарга кўпайди.

Маълумот ўрнида, аввалроқ UzAuto Motors компанияси Chevrolet Traverse ва Chevrolet Damas’нинг янги моделларини тақдим этгани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида UzAuto Motors 9 ойда 1,3 трлн сўм солиқ тўлган.

Teglar

Mavzuga oid