add

«Yandex»га бойкот: Ҳайдовчилар нега норози?

Bugun 18:553393 daqiqa

Бугун, 15-декабр куни, «Yandex»га қарши бойкот бошланди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, ҳайдовчилар ва фойдаланувчилар орасида ёлғон такси чақирувлари авж олмоқда.



Айрим «Yandex» ҳайдовчилари айнан шу куни ишга чиқмасликка чақирган, бошқалар эса хизматни вақтинча тўхтатганини маълум қилган.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқда тарқалган видеода фойдаланувчи бир нечта таксига буюртма бергани, улардан бири келиб пуллик кутишни амалга ошираётгани, баъзилари эса атайлаб тирбандлик кўп бўладиган нуқтага чақирилиб, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётгани акс этган.

«Yandex»га бойкот қандай бошланган эди?

Ҳаракат дастлаб Россиядаги такси ҳайдовчилари орасида бошланиб, кейинчалик Ўзбекистон ҳайдовчилари томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Россиядаги Яндех такси ҳайдовчиларидан бири 15-декабр куни ишга чиқмасдан, уйда қолиб, компанияга бойкот эълон қилишини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, асосий норозилик тариф сиёсатининг адолацизлиги — босиб ўтилган масофага нисбатан тўланадиган ҳақнинг реал харажатларга мос келмаслиги.

Сўнгги уч ҳафта ичида Россияда «Yandex» такси фаолиятига нисбатан норозилик кескин кучайди. Ҳайдовчилар аввало компаниянинг тариф сиёсатини асосий муаммо сифатида кўрсатмоқда. Уларнинг айтишича, аввалги йилларда ҳам даромад барқарор бўлмаган, аммо ҳозирги шароит янада оғирлашган: коеффициентлар кам қўлланмоқда, буюртмалар сони кўп бўлишига қарамай, тарифлар иқтисодий жиҳатдан манфаатли даражада эмас.

Мазкур норозиликни кучайтирган яна бир омил — «Yandex» раҳбарларидан бирининг аввалги интервюси. Унда компания вакили тарифларнинг ошмаслигига ҳайдовчиларнинг ўзи сабаб эканини таъкидлаган. Унга кўра, ҳайдовчилар паст нархларга рози бўлаётган экан, бозор механизми айнан шу нархни қабул қилади ва тарифларни оширишга асос қолмайди. Бу баёнот ҳайдовчилар орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Россиядаги вазият фонида, Ўзбекистонда ҳам «Yandex» атрофида норозилик кайфияти кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Маҳаллий блогерлар ҳам бу борада ўз фикрларини билдирмоқда. Уларнинг бири сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда қуйидагича мурожаат билан чиққан

Ўзбекистонлик ҳайдовчининг фикрига кўра, сўнгги ойларда «Yandex»нинг комиссия сиёсати, тарифлар баланси ва солиқ билан боғлиқ чалкашликлар ҳайдовчилар ўртасида кескин мунозараларга сабаб бўлган.

Тарифлар ошса, истеъмолчи манфаатини ким ҳимоя қилади?

Ҳайдовчилар томонидан кўтарилаётган асосий талаб — тарифларни ошириш ёки комиссия юкини камайтириш. Аммо бу жараённинг иккинчи томони ҳам бор: агар нархлар кескин оширилса, бу сафар оддий йўловчилар манфаатига қандай таъсир қилади? Жамоатчилик орасида айнан шу савол олдинга чиқади.

Ҳозирги тарифлар мисолида ҳам муаммо аниқ кўринади. Масалан, 8 км масофа учун cарпоол хизмати 60 минг сўм, старт тарифи 70 минг сўм, cомфорт эса 77 минг 500 сўмни ташкил этмоқда. Агар тизим босим остида тарифларни қайта кўриб чиқиб, уларни яна оширса, бу аввало йўловчилар учун жиддий харажатлар кўпайишига олиб келади.

Бу эса бозор олдига мураккаб саволни қўяди: ҳайдовчи манфаатлари ва йўловчи қулайлиги ўртасида қандай мувозанат топилади?

Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ҳайдовчиларнинг талаби бир хил: меҳнатга муносиб ҳақ, аниқ қоидалар ва адолатли бозор. Лекин йўловчи манфаатларини ҳам унутмаслик керак.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 19

Barchasi

Mavzuga oid

«Yandex»га бойкот: Ҳайдовчилар нега норози? | Vaqt.uz