
1 январдан тадбиркор аёллар учун янги молиявий механизмлар жорий этилади
2026 йил 1 январдан HAMROH дастури доирасида тадбиркор аёллар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 минг бараваригача кредит ажратилади.

Қонунчиликка мувофиқ, 2026 йил 1 январдан HAMROH тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида хотин-қизларнинг бизнес ташаббусларини молиявий рағбатлантиришга қаратилган қўшимча механизмлар амалга киритилади. Янги тартиблар кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг фаоллигини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратишни мақсад қилади.
Жорий этилаётган механизмларнинг асосий йўналишларидан бири кредит ажратиш тартибидир. Унга кўра, тижорат банклари таъсисчилари таркибида аёллар улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган ёки раҳбари аёл ҳисобланган кичик ва ўрта бизнес субъектларининг лойиҳаларига кредит ажратади. Бу лойиҳалар камида 10 та иш ўрни яратишни назарда тутиши шарт.
Кредитлар бўйича фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасидан 10 фоиз пункт юқори даражадан ошмаслиги белгиланган. Кредит миқдори эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 минг бараваригача этиб белгиланади. Бу эса тадбиркор аёлларга ишлаб чиқариш ва хизматлар ҳажмини кенгайтириш учун салмоқли молиявий ресурс жалб этиш имконини беради.
Шу билан бирга, кафиллик бериш механизми ҳам назарда тутилган. «Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси» акциядорлик жамияти томонидан тижорат банклари ажратадиган кредитларнинг 70 фоизигача бўлган қисмига кафолат тақдим этилади. Мазкур инструмент кредит хатарларини камайтириш ва банклар томонидан молиялаштиришни фаоллаштиришга қаратилган.
Мутасаддиларга кўра, ушбу механизмлар тадбиркор аёлларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва аёллар бандлигини оширишга хизмат қилади.





