Logo

1,4 триллион долларлик даъво: Марк Цукерберг судда жавоб беради

Бугун 13:256 дақиқа

«Meta» компанияси ёшлар руҳиятига зарар етказувчи ва қарамликни келтириб чиқарувчи алгоритмлар ишлаб чиққанликда айбланиб, АҚШ, Европа ҳамда бошқа минтақаларда судга тортилмоқда.

1,4 триллион долларлик даъво: Марк Цукерберг судда жавоб беради © Ryan Sun/The Associated Press

Қўшма Штатларда «Facebook» ва «Instagram» тармоқларининг бош компанияси бўлган «Meta» компаниясига қарши бир нечта штатлар томонидан қўзғатилган йирик суд иши доирасида ҳакамлар ҳайъатининг дастлабки тингловлари бошланди. Шунингдек, компания Европа ва бошқа минтақаларда ҳам қатор ҳуқуқий чекловлар ҳамда назорат чораларига дуч келмоқда.

Калифорнияда бошланган ҳамда «Meta» учун 1,4 триллион долларлик товон пулига айланиши мумкин бўлган ушбу суд ишида ижтимоий тармоқ гиганти ёшларнинг руҳий саломатлигига зарар етказувчи ва қарамликни келтириб чиқарувчи платформалар ишлаб чиққанликда айбланмоқда. Экспертларнинг фикрича, агар даъвогарлар ғалаба қозонса, бу ҳолат ижтимоий тармоқларнинг ишлаш тамойилларини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.

Мазкур ишни қўзғатаётган АҚШ штатларининг бош прокурорлари ёш фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари уларнинг васийлари розилигисиз тўпланаётганидан ҳам жиддий хавотир билдирмоқда.

Суд жараёнида бош прокурорлар платформаларнинг айнан болаларга зарар етказиши мумкин бўлган хусусиятларига, хусусан, лентани тинимсиз варақлаш ва алгоритм тавсияларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

АҚШда «Meta»ни ким ва нима учун судга берди?

Калифорния апелляция судига киритилган ҳужжатларга кўра, АҚШнинг йигирма тўққизта штати бирлашиб, «Meta»ни қарамликни кучайтирувчи, фойдаланувчиларнинг ёшини тасдиқлашни таъминламайдиган, ўсмирларни ота-она назоратини айланиб ўтишга ундайдиган, шунингдек, уларни зарарли контентдан етарлича ҳимоя қилмайдиган ёки бундай контентни атайлаб кенг тарқатадиган платформалар ишлаб чиққанликда айбламоқда.

«Meta» бу айбловларни қатъиян рад этмоқда.

Даъвогарлар товон пули ундиришдан ташқари, суд орқали «Meta» зиммасига ёш фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида ўз платформаларига ўзгартиришлар киритиш мажбуриятини юклашни ҳам сўрамоқда.

Хусусан, улар «Meta»дан қуйидагиларни талаб қилмоқда:

  • ўсмир фойдаланувчилар учун ота-она рухсатини тасдиқлаш тизимини жорий этиш;

  • «дофаминни манипуляция қилувчи» алгоритмларни ўзгартириш;

  • фойдаланувчиларнинг шахсий суратлари учун мўлжалланган филтрларни олиб ташлаш;

  • биттадан ортиқ аккаунт яратишни тақиқлаш;

  • маълум вақтдан сўнг «ўчиб кетувчи» хабар ва постлар функциясини бекор қилиш.

Суд тахминан етти ҳафта давом этиши режалаштирилган, бироқ кутилмаган ҳолатлар юзага келса, бу муддат чўзилиши мумкин.

Бу суд ҳукми жараёндаги сўнгги нуқта бўлиши даргумон, чунки «Meta» ўзининг манфаатига зид бўлган ҳар қандай қарор устидан шикоят қилиши кутилмоқда.

«Meta» бош директори Марк Цукерберг «Instagram» раҳбари билан биргаликда судда кўрсатма бериши кутилмоқда. Бу «Facebook» асосчисининг жорий йил ҳисобидан судда иккинчи бор гувоҳлик бериши бўлади. У бунга қадар, 2026 йилнинг феврал ойида Лос-Анжелес судида «Meta»га нисбатан илгари сурилган худди шундай айбловлар юзасидан жавоб берган эди. Эслатиб ўтамиз, март ойида компания ёш фойдаланувчиларда қарамликни келтириб чиқарувчи платформа хусусиятлари сабабли «KGM» тахаллуси остидаги ёш аёл томонидан қўзғатилган кўп миллион долларлик суд ишида ютқазган эди.

 «Meta» яна қаерларда муаммоларга дуч келмоқда?

АҚШда ижтимоий тармоқ гигантларига қарши чоралар асосан суд даъволари шаклида олиб борилаётган бўлса, бошқа минтақаларда бу жараёнга махсус тартибга солувчи органлар бошчилик қилмоқда.

Европа Иттифоқи

Европа Иттифоқи «Meta»га нисбатан «WhatsApp» мессенжеридаги сунъий интеллект (СИ) бўйича монополияга қарши қоидалар, Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун (DSA) доирасида болалар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тобеликни келтириб чиқарувчи платформа хусусиятлари юзасидан бир қатор ҳуқуқий ва тартибга солувчи текширувларни олиб бормоқда.

2024 йилда Европа Иттифоқининг тартибга солувчи органлари «Facebook» ва «Instagram» платформаларида болалар хавфсизлигига оид онлайн контент қоидаларининг эҳтимолий бузилиши юзасидан «Meta»га нисбатан расмий тергов бошлаган эди.

Европа Комиссияси (ЕК) машҳур ижтимоий тармоқлар видео ва постларни тавсия қилишда фойдаланадиган алгоритм тизимлари болаларнинг «заифликлари ва тажрибасизлигидан фойдаланиши» ҳамда «қарамлик хулқ-атворини» рағбатлантириши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирган.

Ўтган ойда Европа Комиссияси «Meta» фаолияти юзасидан олиб борилган икки йиллик терговнинг дастлабки натижаларини эълон қилиб, компания «DSA» қоидаларини бузганини маълум қилди. Шунингдек, у «Meta»ни фойдаланувчиларнинг платформага «қарам бўлиб қолиши»нинг олдини олиш мақсадида дизайнга бир қатор мажбурий ўзгартиришлар киритишга чақирди.

Европа Иттифоқи компанияни, хусусан, «Facebook» ва «Instagram»ни инсонларда «қарамлик чақирадиган» қилиб ишлаб чиққанликда айблаб, агар у иттифоқ қоидаларини бузишда давом этса, катта миқдордаги жарималарга тортилишидан огоҳлантирди. Қолаверса, «Meta» ушбу платформалар фойдаланувчиларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига етказиши мумкин бўлган хавфларни етарлича баҳолай олмагани ҳам қайд этилди.

Шу билан бирга, июл ойида Франция қонунчилари сентябр ойидан бошлаб 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш режасини маъқуллаган эди. Бироқ ўтган ҳафтада мамлакатнинг Конституциявий кенгаши бу тақиқ сўз эркинлигига путур етказади, деган важ билан уни бекор қилди. Айни пайтда ҳукумат мазкур ҳолатни ҳисобга олган ҳолда янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

Буюк Британия

Шу йилнинг июн ойида Буюк Британия ҳукумати келгуси йилдан кучга кирадиган, 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни кенг қамровли тақиқлашини эълон қилди. Ҳукумат «TikTok», «Snapchat» ва «Instagram» каби сайтларни чеклаш билан бирга, болаларга нотаниш кишилар билан мулоқот қилиш имконини берувчи ўйин ва жонли эфир хизматларига қарши ҳам чоралар кўришни режалаштирмоқда.

Мазкур тақиқни тасдиқлаш учун зарур бўлган қонун ҳужжатларини декабр ойида қабул қилиш кутилмоқда. Шунингдек, Буюк Британия 18 ёшгача бўлган шахслар учун тунги чекловлар ўрнатиш ва лентани тинимсиз варақлашнинг олдини олиш йўлларини ҳам кўриб чиқмоқда.

Австралия

Ўтган йилнинг декабр ойида Австралия 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни расман тақиқлаган эди. Бироқ шу ой бошида мамлакат интернет регулятори ўтказган тадқиқот шуни кўрсатдики, ҳар ўнта ўсмир ва болаларнинг саккизтадан ортиғи ҳамон ижтимоий тармоқ платформаларидан фойдаланмоқда.

Аккаунтларини сақлаб қолган болаларнинг қарийб ярми платформалар уларнинг ёшини текширмаганини ва ушбу хизматлардан фойдаланишда давом этишларига имкон берганини таъкидлаган. Бошқалар эса аккаунтларида ёшини 16 ёки ундан катта қилиб кўрсатганини ёхуд ёшни аниқлаш тизимлари уларни нотўғри тарзда рухсат этилган ёшда деб ҳисоблаганини билдирган.

Тақиқ жорий этилишидан олдин ўтказилган сўровномада иштирок этган болаларнинг қарийб 86 фоизи чеклов қўйилган камида битта платформадан фойдаланишини айтган эди. Уч ой ўтиб эса бу кўрсаткич 81 фоиздан юқорилигича қолгани маълум бўлди, дейилади мустақил онлайн хавфсизлик регулятори ҳисоботида.

Бразилия

2024 йил октябр ойида Бразилиядаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нуфузли ташкилот — Жамоавий мудофаа институти «Meta», «TikTok» ва «Kwai» компанияларининг Бразилиядаги филиалларига қарши 3 миллиард реал (525 миллион доллар) миқдорида товон пули ундириш талаби билан иккита даъво аризаси киритган эди.

Бошқа шикоятлар каби, бу даъволарда ҳам мазкур платформалар фойдаланувчиларда қарамлик келтириб чиқаришда ҳамда болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилиш бўйича етарли чоралар кўрмаганликда айбланмоқда.

Мазкур суд ишларидаги асосий эътирозлар шундан иборатки, платформаларнинг алгоритмлари 18 ёшгача бўлган фойдаланувчиларни «тасмани мажбурий чексиз варақлашга» ундайди; руҳий саломатликка оид самарали огоҳлантиришлар мавжуд эмас; ёшни тасдиқлаш чоралари етарлича ишламайди ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш даражаси паст.

Шу билан бирга, Бразилияда қатор тартибга солувчи чоралар ҳам амалга оширилди. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб Болалар ва ўсмирларнинг рақамли низомига мувофиқ, платформалардан 16 ёшгача бўлган болаларнинг аккаунтларини уларнинг қонуний васийларига бириктириш талаб қилинмоқда.

Ўтган йилнинг июн ойида Бразилия Олий суди техник гигантлар ўз платформаларида учинчи шахслар томонидан жойлаштирилган ноқонуний контентни тезда олиб ташламаса, бунинг учун қатъий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарган эди.

Шу ойда Бразилиянинг тартибга солувчи органлари мамлакат ҳудудида «Discord» платформасининг «Go Live» жонли эфир ва видео алмашиш функцияларини вақтинча тўхтатиб қўйди. Хабарларга кўра, бу қарор жонли эфир пайтида ўз жонига қасд қилишга мажбурланган 13 ёшли қизнинг ўлими юзасидан ўтказилган терговдан сўнг қабул қилинган.

Буларнинг барчаси ижтимоий тармоқ платформалари учун нимани англатади?

Экспертларнинг фикрича, мазкур ҳуқуқий чоралар ижтимоий тармоқ платформаларининг имкониятини бутунлай чеклаб қўйишдан кўра, уларни айрим функцияларни тубдан ислоҳ қилишга ва ёшни тасдиқлашнинг янада қатъий тизимларини жорий этишга мажбур қилиши эҳтимоли юқори. Таъкидланишича, бу ўзгаришлар ижтимоий тармоқларнинг дизайни ҳамда ишлаш тамойилини сезиларли даражада ўзгартириб юбориши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид