Logo

16 ёшли ўғил болалар автоматик ҳарбий ҳисобга қўйилади

Бугун 17:372 дақиқа

Ўзбекистонда ҳарбий ҳисобга олиш тизими рақамлаштирилиб, тиббий комиссиялар бекор қилинади. Шунингдек, ҳарбийлар учун ижара компенсацияси ва фуқаровий ходимлар маоши оширилмоқда.

16 ёшли ўғил болалар автоматик ҳарбий ҳисобга қўйилади

Ўзбекистонда мудофаа ишлари органлари фаолиятига «нол бюрократия» тамойилини жорий этиш доирасида ҳарбий ҳисобга олиш, тиббий ва чақирув комиссияларини рақамлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедов «Oʻzbekiston 24» телеканалига маълум қилди.

Янги тартибга кўра, 16 ёшга тўлган ва ID карта олган ўғил болалар ҳақидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг ахборот тизимидан автоматик равишда олинади. Шу асосда улар ҳарбий ҳисобга қўйилади ва фуқароларнинг қўшимча ҳужжат топшириши ёки идораларга мурожаат қилишига эҳтиёж қолмайди.

Вазирнинг таъкидлашича, мудофаа ишлари бўлимларида амалга ошириладиган тиббий комиссиялар ҳам бекор қилинади. Энди чақирувчиларнинг барча тиббий кўриклари туман ва шаҳарлардаги марказий кўп тармоқли поликлиникаларда ўтказилади.

Ижара ва маошлар

8 июн куни давлат раҳбари ҳузурида ўтказилган тақдимот якунлари бўйича президент томонидан соҳани модернизация қилишга қаратилган бир қатор таклифлар маъқулланган.

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қарорга мувофиқ, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар учун турар жой ижараси бўйича пул компенсацияси 25 фоизга оширилди.

Бу қарор хизмат уйи билан таъминланмаган ҳарбийларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган.

Мудофаа ишлари органларининг фуқаровий ходимлари учун ҳам қўшимча рағбатлантириш чоралари белгиланди. Хусусан, уларнинг иш ҳақи 2026 йил 1 июлдан бошлаб 20 фоизга оширилади.

Шунингдек, 2027 йил 1 январдан эътиборан мазкур ходимлар маошига яна 50 фоиз қўшимча устама қўшилади. Ҳукумат ушбу чоралар орқали мудофаа тизимидаги маъмурий жараёнларни соддалаштириш, рақамлаштириш ва кадрларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид