add

18 та банк сайти давлат тили ва маълумот ошкор этиш талабларини бузган

Марказий банк томонидан тижорат банклари сайтларида ахборотни давлат тилида тақдим этиш ва маълумотларни ошкор қилиш талаблари бузилганини аниқланди ва жарима белгиланди.

18 та банк сайти давлат тили ва маълумот ошкор этиш талабларини бузган

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2025 йил сентябр–октябр ойларида тижорат банкларининг расмий веб-сайтларида мониторинг ўтказди. Мониторингнинг асосий мақсади — молиявий хизматлар истеъмолчиларига ахборот тақдим этишда қонун талабларига риоя этилишини ва фойдаланувчиларнинг тўлиқ ҳамда ишончли маълумот олиш ҳуқуқи таъминланаётганини текшириш бўлди.

Ўрганишлар жараёнида бир қатор қоидабузарликлар ва камчиликлар аниқланган.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги Қонун талабларига амал қилинмаган ҳолда, айрим банклар сайтида ахборот давлат тилида жойлаштирилмаган. Шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқини таъминлашга доир яна бир муҳим талаб — кредит гаровини босқичма-босқич ажратиш тартиби ҳам кўплаб сайтларда йўқлиги қайд этилди.

Хусусан, «Agrobank», «Anor bank», «Hayot bank», «Universal bank», «Garant bank», «Asakabank», «Turonbank», «Infinbank», «Mikrokreditbank», «Trastbank», «Madad Invest bank», «Saderat bank», «Orient Finans bank», «Ipoteka-bank», «Tenge bank», «Ziraat Bank Uzbekistan», «AVO bank» ва «Open bank» сайтларида юқорида қайд этилган ахборотлар етишмаслиги аниқланган.

Натижада, Марказий банк ушбу банкларнинг ҳар бирига нисбатан амалдаги норматив ҳужжатларга асосан 102 млн сўмдан жарима қўллади. Шу билан бирга, камчиликларни бартараф этиш ва расмий веб-сайтлардаги маълумотларни қонун талабларига мувофиқлаштириш юзасидан кўрсатмалар юборилди.

Марказий банк барча тижорат банкларидан:

  • ахборотни тақдим этишда давлат тилига қатъий амал қилишни;

  • веб-сайтлардаги маълумотларни тўлиқ ва долзарб ҳолда тақдим этишни;

  • фойдаланувчиларга ишончли ва тушунарли маълумот олиш имконини таъминлашни талаб этмоқда.

Авалроқ Марказий банки қонунчилик талабларига амал қилмагани сабабли «Hamkorbank»ка 955 млн, «Davr bank»ка 931 млн ва «TBC bank»ka 615 млн сўм жарима белгилагани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

18 та банк сайти давлат тили ва маълумот ошкор этиш талабларини бузган | Vaqt.uz