Logo

2003 йилги босқиндан 23 йил ўтиб АҚШ қўшинлари Ироқни тарк этди

Кеча 22:482 дақиқа

Вашингтоннинг сўнгги ҳарбий бўлинмалари 30 сентябрь куни мамлакатни тарк этди.

2003 йилги босқиндан 23 йил ўтиб АҚШ қўшинлари Ироқни тарк этди

АҚШ Марказий қўмондонлиги 30 сентябрь куни Ироқдаги «Бузилмас ирода» (Operation Inherent Resolve) миссияси якунланганини маълум қилди. АҚШ ҳарбийлари ва техникаларининг Эрбил ҳаво базасидан чиқарилиши билан коалициянинг Ироқдаги ҳарбий миссияси тугади.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳам халқаро коалициянинг Ироқдаги ҳарбий миссияси якунланганини ва Британия ҳарбийлари мамлакатни тарк этганини билдирди. Вазирликка кўра, энди Ироқ ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги хавфсизлик ҳамкорлиги бошқа шаклда давом этади.

2003 йил: Ироққа босқин

АҚШ ва Буюк Британия бошчилигидаги коалиция 2003 йил 20 мартда Ироққа бостириб кирди. босқин оқибатида Саддам Ҳусайн ҳукумати ағдарилди.

Шундан кейин мамлакатда Коалиция муваққат маъмурияти ташкил этилди. 2004 йил июнида эса ҳокимият Ироқнинг муваққат ҳукуматига топширилди.

АҚШ қўшинларининг 2003 йилдан кейинги иштироки бир неча йил давом этди. 2010 йилда «Ироқ озодлиги» операцияси расман якунланди, аммо америкалик ҳарбийларнинг бир қисми мамлакатда қолди.

2011 йил: АҚШ қўшинлари чиқиб кетган эди

АҚШ ҳарбийларининг асосий қисми 2011 йил декабрида Ироқни тарк этди. Бу билан 2003 йилда бошланган АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий амалиётлари якунланган эди.

Бироқ орадан уч йил ўтиб, вазият яна ўзгарди. 2014 йил: АҚШ ҳарбийлари Ироққа қайтди. 2014 йилда «Исломий давлат» (IS) Ироқ ва Сурияда катта ҳудудларни назорат қила бошлади. Шундан кейин АҚШ бошчилигида халқаро коалиция ташкил этилди.

Operation Inherent Resolve 2014 йилда «Исломий давлат»га қарши курашиш мақсадида ташкил этилган. Коалиция Ироқ хавфсизлик кучларига тайёргарлик ва ҳарбий ёрдам кўрсатди ҳамда ташкилотга қарши операцияларда иштирок этди.

АҚШнинг 2014 йилдан кейинги Ироқдаги иштироки 2003 йилдаги босқиндан фарқли равишда Ироқ ҳукумати билан хавфсизлик ҳамкорлиги ва «Исломий давлат»га қарши халқаро коалиция миссияси доирасида олиб борилди.

12 йиллик коалиция миссияси якунланди

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълум қилишича, 2014 йилда ташкил этилган Operation Inherent Resolve доирасидаги миссия 30 сентябр куни Ироқда якунланди. АҚШ ҳарбийлари ва техникаларининг Эрбилдан чиқарилиши билан Ироқдаги ушбу операциянинг сўнгги босқичи тугади.

Буюк Британия ҳам ўз ҳарбийлари коалиция миссияси доирасида Ироқдан чиқиб кетганини билдирди. Британия Мудофаа вазирлигига кўра, Ироқ хавфсизлик кучлари ва курд пешмерга кучлари мамлакат хавфсизлиги учун асосий масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр.

АҚШнинг Ироқ билан ҳарбий ҳамкорлиги тўхтамайди

Қўшинларнинг чиқарилиши АҚШ ва Ироқ ўртасидаги ҳарбий муносабатлар бутунлай тугади, дегани эмас. АҚШ Марказий қўмондонлиги маълум қилишича, коалициянинг қўшма штаби Иорданияга кўчирилади. У ердан Сурияда «Исломий давлат»га қарши ҳужумлар давом эттирилади. Ироқ билан эса икки томонлама мудофаа ҳамкорлиги янги шаклда олиб борилади.
Буюк Британия ҳам Ироқ билан икки томонлама мудофаа ҳамкорлигини давом эттиришини билдирган.

Теглар

Мавзуга оид