add

2026 йилда ҳаво тозалигини таъминлаш учун қанча маблағ ажратилиши очиқланди

Кеча 16:042022 дақиқа

2026 йилги давлат бюджети муҳокамасида Экология қўмитаси раиси ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Ўзбекистонда экологик муаммоларни ҳал этиш учун қанча маблағ ажратилганини маълум қилди.

2026 йилда ҳаво тозалигини таъминлаш учун қанча маблағ ажратилиши очиқланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида мамлакатда ҳаво сифати бўйича амалга ошириладиган ишларга ажратиладиган маблағлар атрофлича кўриб чиқилди. Депутат Моҳира Хўжаева саноатнинг биринчи ва иккинчи тоифадаги корхоналарини замонавий филтрлаш ва тозалаш иншоотлари билан жиҳозлаш учун белгиланган маблағлар етарлими, деган саволни ўртага ташлади.

Саволга Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков жавоб қайтарди. Унинг таъкидлашича, «2026 йилга қўшимча тушумлар ҳам фармоннинг даромадлари бизнинг прогноз қилишимиз бўйича 548 миллиард сўмни ташкил қилади». Казбеков Тошкентда экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия ва 24 соатлик штаб иш олиб бораётганини айтиб, «Улар илмий асослантирилган, ҳисоб-китобларга асосланган бўлиши керак. Шунинг учун сиз кўтарган, айтилган масалалар ҳаммаси ҳисобга олинган», дея қўшимча қилди.

Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам масала юзасидан фикр билдирди.

«Бизга шундай топшириқ бўлганки, қарор билан 900 миллиард сўм 2025 йилнинг ўзида буларга ажратиб, жамғармага ўтказиб бериш кўзда тутилган. Биз йил якунигача 900 миллиард сўмни жамғармага ўтказиб берамиз. Бюджетнинг келгуси ўқишларида шунинг ҳаммасини жой-жойига қўйиб, ўйлаймизки, Моҳира Мирзаҳматовада ҳам ва бошқа депутатларимизда ҳам бу соҳа учун ажратилаётган маблағларнинг етарли, етарли эмаслиги ҳақида ҳеч қандай шубҳа қолмайди», — дейди Жамшид Қўчқоров.

Вазир назарда тутган жамғарма, яъни экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси президентнинг 2025 йил 18 ноябрдаги қарори билан ташкил этилган эди. Ҳужжатга кўра, жамғарманинг даромад манбалари сифатида 2025 йилда — 900 миллиард сўм, 2026 йилда — 548 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.

2026 йил 1 январдан бошлаб углерод бирликлари савдосидан тушумларнинг 20 фоизи, атроф-муҳитга етказилган зарар учун ундириладиган жарима ва компенсация тўловларининг белгиланган қисми, шунингдек, импорт транспорт воситалари учун тўланадиган утилизация йиғимининг 10 фоизи ҳам жамғармага йўналтирилади.

Теглар

Мавзуга оид