2050 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 52 миллиондан ошади
Демографик тадқиқотлар Ўзбекистон аҳолиси ўсиши сақланиб қолишини кўрсатмоқда, аммо аҳолининг ўртача ёши ошиб, туғилиш даражаси аста-секин пасаймоқда.
© Ijtimoiy tarmoqlarUNICEF'нинг «Марказий Осиёда 2050 авлоди» номли таҳлилий ҳисоботига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сўнгги ўн йилликларда барқарор ўсишни намоён этмоқда. 2000 йилда мамлакат аҳолиси 25 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 37 миллионга етган.
Ташкилот прогнозларига кўра, демографик ўсиш яқин йилларда ҳам сақланиб қолади. Хусусан, 2030 йилга бориб аҳоли сони 40 миллиондан ошиши, 2050 йилга келиб эса 52 миллион нафардан юқори бўлиши кутилмоқда. Бу ўсиш асосан туғилиш даражасининг ўлим кўрсаткичларидан юқори бўлиб қолаётгани билан изоҳланади.
Расмий маълумотлар ҳам бу тенденцияни тасдиқламоқда. 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон аҳолиси 38,2 миллион нафарни ташкил этган бўлса, 7 апрелга келиб бу рақам 38 миллион 401 минг 654 нафарга етган. Шу билан мамлакат аҳоли сони бўйича дунёдаги энг йирик 40 давлат қаторига кирган.
Аҳоли қариб бормоқда
Ҳисоботда аҳолининг ёш таркибида ҳам муҳим ўзгаришлар кузатилаётгани қайд этилган. 2000 йилда мамлакат аҳолисининг ўртача ёши 20 ёш бўлган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб 30 ёшга етди.
Прогнозларга кўра, 2050 йилда аҳолининг ўртача ёши 35 ёшни ташкил этади. Шу билан бирга, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 2024 йилдаги 23,9 миллион нафардан 2050 йилга бориб 33 миллион нафардан ошади.
Кекса аҳоли қатлами ҳам сезиларли ўсади. Агар 2024 йилда 65 ёшдан юқори аҳоли сони 2,2 миллион нафар бўлган бўлса, 2050 йилга келиб бу рақам уч баробарга ошиб, 6 миллиондан ортиқ бўлади.
Туғилиш суръати пасаймоқда
UNICEF маълумотларига кўра, Ўзбекистонда туғилиш даражаси ҳам босқичма-босқич пасайиб бормоқда. 1990 йилларда ҳар бир аёл ҳиссасига ўртача 4 нафардан зиёд фарзанд тўғри келган бўлса, кейинги йилларда бу кўрсаткич сезиларли қисқарган.
Прогнозларга кўра, 2050 йилга келиб бир аёлга тўғри келадиган ўртача фарзандлар сони 2,5–2,6 нафар атрофида бўлади. Шу билан бирга, 18 ёшгача бўлган болалар сони 16 миллион атрофида сақланиб қолса-да, уларнинг умумий аҳолидаги улуши камаяди. Бу эса Ўзбекистон демографик жиҳатдан ёш аҳоли устун бўлган мамлакатдан аста-секин етук аҳоли таркибига ўтаётганини англатади.





