
9 ой ичида энг кўп никоҳ Самарқанд вилоятида қайд этилган
2025 йилнинг январ–сентабр ойларида мамлакат бўйича 177 мингта никоҳ расман рўйхатдан ўтган, уларнинг энг кўпи Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келди.

Ўзбекистонда 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойи мобайнида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзув органларида жами 177 мингта никоҳ қайд этилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ҳудудлар кесимида энг кўп никоҳлар Самарқанд вилоятида рўйхатдан ўтган — 21,2 мингта. Бу республика бўйича жами никоҳларнинг қарийб 12 фоизини ташкил этади.
Самарқанддан кейинги ўринларни Фарғона вилояти 19,4 минг ва Қашқадарё вилояти 17,7 минг никоҳ билан эгаллади. Тошкент шаҳрида 16,9 минг жуфтлик турмуш қурган.
Андижон вилоятида 14,9 минг, Сурхондарёда 14,0 минг, Наманганда 13,8 минг ва Тошкент вилоятида 13,4 минг никоҳ қайд этилган.
Бу ҳудудлар никоҳлар сони бўйича юқори кўрсаткичларга эга бўлган минтақалар сифатида қайд этилди.
Энг кам никоҳлар Сирдарё вилоятида — 4,5 минг ва Навоий вилоятида — 5,5 минг бўлган. Шунингдек, Бухоро вилоятида 9,8 минг, Хоразмда 9,5 минг, Қорақалпоғистон Республикасида 8,7 минг, Жиззах вилоятида эса 7,6 минг никоҳ рўйхатдан ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги оилалар энг кўп қандай сабаблар билан ажрашаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.





