Logo

90 млн доллар зарар келтирган «Корея иши»нинг бир қисми бўйича суд 29-июлда бошланади

Бугун 18:412 дақиқа

Иш доирасида ДХХ собиқ зобити подполковник Ганчар Узоқов, Ички хавфсизлик департаментининг собиқ бошлиғи, полковник Алижон Ашуров, унинг ўринбосари Темур Шорихсиев ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари Суҳроб Сайфутдиновлар судланувчи сифатида жалб этилган.

90 млн доллар зарар келтирган «Корея иши»нинг бир қисми бўйича суд 29-июлда бошланади © Bosh prokuratura departamenti

90 миллион доллар миқдорида зарар етказилгани айтилган Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ жиноят иши бўйича суд жараёни 29-июль куни бошланади. Бу ҳақда «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўз Telegram саҳифасида маълум қилди.

Унинг ёзишича, иш Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида судья Дадахонова раислигида кўриб чиқилади. Ушбу жиноят иши бўйича дастлабки тергов Бош прокуратура томонидан олиб борилган.

Иш доирасида подполковник унвонига эга бўлган ДХХ собиқ зобити Ганчар Узоқов, Давлат хавфсизлик хизмати Ички хавфсизлик департаментининг собиқ бошлиғи, полковник Алижон Ашуров, унинг ўринбосари Темур Шорихсиев ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган Суҳроб Сайфутдиновлар судланувчи сифатида жалб этилган. Ашуров 2024-йилнинг ноябрь ойида ишдан олинганди.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а», «б» бандлари (пора олиш), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳамда 301-моддаси 1-қисми (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан айблов эълон қилинган.

Аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси ва хусусий бандлик агентликларининг собиқ мансабдор шахслари томонидан амалга оширилган коррупцион схема аниқлангани маълум бўлганди. Халқаро қидирувга берилган агентликнинг собиқ мулозими Азизбек Тоштемировнинг айтишича, бу жиноятга агентликнинг амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаев ва собиқ раҳбари Афзал Ирматов ҳам алоқадор.

Йиллар давомида Жанубий Кореяда иш излаётган ватандошлар давлат дастурлари орқали катта миқдордаги ноқонуний тўловлар ва поралар мунтазам равишда ундириб келинган. Хабарларга кўра, баъзи ўзбекистонликлар Жанубий Кореяга жўнатиш рўйхатига киритилиш учун 4000 доллардан 10 минг долларгача пул тўлашга мажбур бўлган.

14-май куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ушбу иш бўйича расмий баёнот берди ва ноқонуний равишда йиғилган маблағларнинг умумий ҳажми қарийб 90 миллион долларга етган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган Азизбек Тоштемиров Интерпол қидирув рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, ишда яна бир муҳим шахс сифатида тилга олинган ДХХ Ички хавфсизлик тергов департаменти куратори Музаффар Нурматов мамлакатдан қочиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар ноқонуний тўловларни тўлаган, аммо ҳеч қачон Жанубий Кореяга юборилмаган 600 дан ортиқ фуқаролардан аризалар келиб тушган.

Ушбу кенг кўламли иш яна бир бор давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган меҳнат миграцияси тизимида чуқур илдиз отган коррупция схемалари ва юқори лавозимли амалдорларнинг иштироки билан боғлиқ долзарб саволларни олдинга сурмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миграция агентлиги интернетда тарқалган маълумотларга расмий муносабат билдирганди.

Теглар

Мавзуга оид

90 млн доллар зарар келтирган «Корея иши»нинг бир қисми бўйича суд 29-июлда бошланади | Vaqt.uz