add

Аҳоли яшаш жойларига яқин «заправка»лар кўчирилади

Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида талабларга жавоб бермайдиган ёнилғи қуйиш шохобчалари 2026 йил 1 апрелгача бошқа ҳудудларга кўчирилиши мумкин.

Аҳоли яшаш жойларига яқин «заправка»лар кўчирилади

«Ёқилғи қуйиш шохобчаларида бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш ва инсон ҳаётига хавф солувчи омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Мазкур қарор лойиҳасига кўра, 2026 йил 1 апрелгача фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган, шаҳарсозлик, саноат ва ёнғин хавфсизлиги меъёрларига тўлиқ жавоб бермайдиган ёнилғи қуйиш шохобчалари хавфсиз ҳудудларга кўчирилади. Бу ишлар маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди вазирликлар зиммасига юклатилган.

Лойиҳага мувофиқ, шохобчаларни кўчириш ёки бузиш билан боғлиқ харажатлар қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади. Янги жойдаги шохобчаларга инфратузилмаси мавжуд бўлган ер майдонлари ажратилади. Агар шохобча фаолият йўналишини ўзгартирмоқчи бўлса, унга шу ҳудудда бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга рухсат берилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ҳисоботларга кўра, мамлакат бўйлаб 6 196 та ёнилғи шохобчаси ўрганилиб, уларда жами 46 737 та камчилик аниқланган.

Аниқланган камчиликларнинг бир қисми бартараф этилган бўлса-да, 464 та шохобчанинг фаолияти вақтинчалик тўхтатилган. Ҳукумат лойиҳасида ҳар йили шохобча ходимларининг билим ва малакаси текширилиши, юқори босимда ишлайдиган жиҳозлар белгиланган муддатларда синовдан ўтказилиши шартлиги белгиланган.

Ушбу лойиҳа муҳокамаси 2025 йил 11 ноябрга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 25 октябр куни Чуст туманида иш фаолияти тўхтаган ёқилғи қуйиш шохобчасида чақнаш содир бўлиши оқибатида бир киши ҳалок бўлгани айтилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Аҳоли яшаш жойларига яқин «заправка»лар кўчирилади | Vaqt.uz