add

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминлаш қамрови 85 фоизга етказилади

05.01.2026 | 13:152 дақиқа

2030 йилга қадар мамлакатда доимий ичимлик суви хизматларидан фойдаланувчи аҳоли улушини босқичма-босқич ошириш режалаштирилмоқда.

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминлаш қамрови 85 фоизга етказилади

Ўзбекистонда аҳолининг ичимлик суви хизматларидан доимий фойдаланиш имкониятига эга бўлган қисми 2030 йилга бориб 85 фоизга етказилади. Бу мақсад «Ўзбекистон–2030» стратегиясининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган такомиллаштирилган лойиҳасида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, ичимлик суви билан қамров:

2026 йилда 82 фоиз;

2027 йилда 83 фоиз;

2028 йилда 84 фоиз;

2029 йилда эса 84 фоиз даражада таъминланади. 2030 йилда эса ушбу кўрсаткични 85 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бу аҳолининг сув таъминоти барқарорлигини оширишга қаратилган узоқ муддатли ислоҳотларнинг асосий индикаторларидан бири ҳисобланади.

Стратегия доирасида Туйамўйин сув омбори ҳажмини қўшимча 1 миллиард куб метрга кенгайтириш режалаштирилган. Бу орқали 1,2 миллион гектар майдонда сув таъминотини яхшилаш ва ичимлик суви захирасини яратиш назарда тутилмоқда.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳам асосий йўналиш сифатида белгиланган. 2030 йилга қадар сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув тежовчи технологиялар билан 100 фоиз қамраб олиш мақсад қилинган. Томчилатиб суғориш технологиялари қўшимча 500 минг гектарга жорий этилади.

Шу билан бирга, сув тежовчи ускуналар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 300 минг гектарга мўлжалланган ҳолатга етказилади. Барча ичимлик суви истеъмолчилари ҳисоблагичлар билан тўлиқ таъминланади.

Лойиҳага мувофиқ, ерости сув сатҳи муаммоли бўлган майдонлар 773,4 минг гектаргача қисқартирилади, бетон қопламали каналлар улуши эса 13,1 минг километрга етказилади. Сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш сони 2 012 тагача кўпайтирилади.

Теглар

Мавзуга оид