add

Airbus бош директори: Boeing бу йил буюртмалар бўйича ўзиб кетиши мумкин

Кеча 18:181481 дақиқа

Airbus бош директорининг айтишича, АҚШ билан савдо музокаралари Boeing’га устунлик бериб, компания олти йилда биринчи марта буюртмалар пойгасида ғолиб чиқиши мумкин.

Airbus бош директори: Boeing бу йил буюртмалар бўйича ўзиб кетиши мумкин

Airbus раҳбари Гийом Фори жаҳон авиация бозоридаги йиллик рақобат якунларини шарҳлар экан, компания Boeing’дан буюртмалар бўйича орқада қолиши эҳтимолини тан олди. Reuters ёзишича, Фори Европа концерни беш йил давомида буюртмаларда етакчилик қилганини, аммо жорий йилда вазият ўзгариши мумкинлигини билдирди.

Унга кўра, АҚШ президентининг бир қатор давлатлар билан олиб борган бож музокаралари Boeing учун қулай шароит яратган. Айниқса, Осиё мамлакатлари АҚШ билан савдо муносабатларини юмшатиш мақсадида Boeing’дан қўшимча буюртмалар бергани ёки режалаштирилган харидларни эълон қилгани қайд этилмоқда.

Шу билан бирга, Airbus етказиб бериш ҳажми бўйича рақибидан олдинда қолмоқда. Компаниянинг A321 каби кичик тоифадаги самолётлари юқори талабга эга бўлса, Boeing узоқ масофали 787 моделлари билан барқарор сотувни таъминламоқда.

Гийом Фори Airbus буюртмалари бир неча ойдан буён кечикиб келаётганини тан олди. Аммо компания юқори етказиб бериш суръатлари ҳисобига дунёдаги энг йирик самолёт ишлаб чиқарувчи мақомини сақлаб қолиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси 2026 йилда жаҳон авиакомпаниялари рекорд даражада 41 миллиард долларлик соф фойда олиши мумкинлигини маълум қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид