Logo

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда молиявий шаффофлик етарли эмаслигини қайд этди

Марказий Осиёдан Қозоғистон ва Қирғизистон минимал талабларни бажарди. Тожикистон ва Туркманистон эса, Ўзбекистон сингари, минимал талабларга жавоб бермади.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда молиявий шаффофлик етарли эмаслигини қайд этди © Sputnik

АҚШ Давлат департаменти фискал шаффофлик бўйича жами 139 та ҳукумат ва Фаластин маъмуриятини баҳолади. Улардан 73 таси минимал талабларга жавоб берган, 67 таси, жумладан Ўзбекистон ҳам талабларга жавоб бермаган. Бу ҳақда «Fiscal Transparency Report 2026» (Фискал шаффофлик ҳисоботи)да сўз боради.

Талабларга жавоб бермаганлар орасида 14 та давлат, АҚШ идораси баҳосига кўра, талабларни бажариш бўйича сезиларли тараққиётга эришган. Баҳолаш жараёнида Давлат департаменти асосий бюджет ҳужжатларининг жамоатчилик учун қанчалик очиқ экани, уларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги, шунингдек, давлат шартномаларини тузиш, лицензиялар бериш ва давлат харидларини амалга ошириш жараёнлари қанчалик шаффоф эканига эътибор қаратади.

Минимал талаблар, хусусан, бюджет ҳужжатларини очиқ эълон қилишни назарда тутади. Уларда вазирликлар кесимида даромадлар ва харажатлар, шунингдек, шартномалар тузиш ва табиий ресурсларни қазиб олиш учун лицензия бериш мезонлари ҳамда тартиблари кўрсатилиши керак. 2026-йилда талаблар янада кучайтирилди: ҳокимият органлари хорижий қарз олувчиларга берилган суверен кредитларнинг шартларини ҳам ошкор қилиши керак.

Давлат департаменти Ўзбекистон бўйича нималарни қайд этди?

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукумати бюджет лойиҳаси ва тасдиқланган бюджетни, шунингдек, унинг ижроси бўйича якуний ҳисоботни ўз вақтида эълон қилганини келтирган. Ушбу ҳужжатларда режалаштирилган давлат даромадлари ва харажатлари умумий тарзда акс эттирилган. Муҳим бюджетдан ташқари ҳисоб рақамлари ҳақидаги маълумотлар ҳам очиқланган.

Мамлакатнинг олий молиявий назорат органи ҳам ижобий баҳоланган. Давлат департаменти фикрига кўра, ушбу орган мустақиллик бўйича халқаро стандартларга жавоб беради. У томонидан ўтказилган текширувлар йиллик бюджет ижросини қамраб олади ҳамда аниқ хулоса ва тавсияларни ўз ичига олади.

Шу билан бирга, очиқ манбаларда давлатнинг қарз мажбуриятлари, жумладан, йирик давлат корхоналарининг қарзлари ҳақида тўлиқ маълумот мавжуд эмас эди. Хорижий қарз олувчиларга берилган суверен кредитларнинг шартлари, табиий ресурслардан олинадиган даромадлар ҳақидаги батафсил маълумотлар ва давлат харидлари соҳасидаги шартномалар ҳам эълон қилинмаган.

Давлат департаменти бюджет ҳужжатларига йирик давлат корхоналарининг даромадлари ва молиялаштирилиши ҳақидаги маълумотларни киритиш, давлатнинг қарз мажбуриятлари ва суверен кредитлар шартларини тўлиқ очиқлаш, шунингдек, давлат харидлари бўйича шартномаларни эълон қилишни тавсия қилди.

Марказий Осиёдан Қозоғистон ва Қирғизистон минимал талабларни бажарган мамлакатлар қаторига кирди. Тожикистон ва Туркманистон эса, Ўзбекистон сингари, минимал талабларга жавоб бермади.

2025-йилги ҳисоботда Ўзбекистон бюджетдан ташқари ҳисобварақларни ошкор қилгани учун сезиларли ютуққа эришгани қайд этилган эди. 2026-йилда бу банд бажарилган бўлса-да, мезонларнинг қатъийлаштирилиши ҳамда қарзлар ва харидлар бўйича камчиликлар сақланиб қолаётгани мамлакатнинг талабларга жавоб берадиган гуруҳга ўтишига имкон бермади.

Теглар

Мавзуга оид