АҚШ Эронга боғлиқ криптоактивларни музлатди

Кеча 21:352 дақиқа

Вашингтон Теҳронга иқтисодий босимни кучайтириш мақсадида 344 миллион долларлик криптовалюта активларини музлатди.

АҚШ Эронга боғлиқ криптоактивларни музлатди © en.coin-turk.com

АҚШ Молия вазирлиги 24 апрел куни Эрон билан алоқадор бир нечта криптовалюта ҳамёнларига санкциялар жорий этилганини маълум қилди. Молия вазири Скотт Бессентнинг таъкидлашича, мамлакат ташқарисига олиб чиқилиши мумкин бўлган барча маблағлар қатъий назорат остида бўлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Маълум қилинишича, глобал криптооперациялар билан шуғулланувчи Tether компанияси АҚШ ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб, ноқонуний ҳаракатларга алоқадор деб топилган икки манзилдаги жами 344 миллион долларлик активларни музлатган.

АҚШ расмийларига кўра, блокчейн таҳлиллари ушбу маблағларнинг Эрон режими билан боғлиқлигини кўрсатган. Хусусан, операциялар Эрон криптобиржалари ва Эрон Марказий банкига тегишли рақамли ҳамёнлар орқали амалга оширилгани айтилмоқда.

Эрон криптоактивлардан нима мақсадда фойдаланмоқда?

Вашингтон маълумотларига кўра, Эрон миллий валютаси — риёлни барқарорлаштириш ва ташқи савдони давом эттириш мақсадида криптовалюталардан фаол фойдаланмоқда. Шунингдек, Россия ва Шимолий Корея каби давлатлар ҳам санкцияларни четлаб ўтиш учун рақамли активларга кўпроқ мурожаат қилмоқда.

«Chainalysis» таҳлилларига кўра, 2025 йилда Эрондаги криптоактивлар ҳажми 7,8 миллиард долларга етган. Шу куни АҚШ Хитойдаги Эрон нефтини қайта ишлаган мустақил заводга ҳам санкция жорий қилди. Бу чоралар Вашингтоннинг Теҳронга иқтисодий босим стратегиясининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.

2025-йили Исроилнинг Эронга ҳарбий зарбалари фонида ҳакерлар Эроннинг энг йирик криптобиржасидан қарийб 90 миллион доллар ўғирлаган эди.

Теглар

Мавзуга оид