АҚШ Исроил билан бирга нефт ва газ нархларини «портлатди»
Эронга қарши зарбалар ортидан жаҳон бозорида энергия ресурслари кескин қимматлашди.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти глобал нефт ва газ бозорида шиддатли сакрашни келтириб чиқарди. Ҳужумдан кейинги илк савдо кунида «Brent» маркали нефт фючерслари 13 фоизга ошиб, бир баррел учун 81,5 долларга етди ва ўтган йил январидан бери энг юқори кўрсаткични қайд этди. Европада эса табиий газ нархи қарийб 40 фоизга қимматлади.
Бозорда «хавф устамаси»
2 март оқшомига келиб нефт 78,6 долларгача пасайган бўлса-да, эртаси куни яна 83 доллардан ошиб, ҳатто қисқа муддатга 85 долларлик маррани ҳам ортда қолдирди. Экспертлар геосиёсий хавф-хатарлар сақланиб қолса, бир баррел нефт нархи 110 долларгача етиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
«TRT» нашрига изоҳ берган «Финансология» университети асосчиси Юлия Кузнецовага кўра, бозор зудлик билан котировкаларга «хавф устамаси»ни қўшган.
Асосий хавотирлар — энергия ташувчилар таъминотида узилишлар бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ. Биринчи навбатда, жаҳон экспортининг сезиларли қисмини таъминлайдиган Ҳўрмуз бўғози орқали етказиб бериш хавф остида.
Танкерлар ҳаракати тўхтаган
«Kpler» таҳлилий компанияси маълумотига кўра, 2025 йилда бу бўғоз орқали кунига 13 миллион баррел нефт ўтган, бу жаҳон денгиз орқали ташиладиган нефтининг 31 фоизига тенг.
Шу билан бирга, Reuters агентлигининг хабар беришича, йирик нефт компанияларининг аксарияти ва танкер эгалари нефт маҳсулотлари ва суюлтирилган табиий газ ортишни тўхтатган.
Агентлик маълумотларига кўра, хомашё ортилган камида 150 та танкер Басра кўрфазида лангар ташлаган. Яна ўнлаб танкерлар Уммон кўрфазида турибди.
Эрон ТИВ раҳбари Аббос Ароқчий «Ал-Жазира»га бўғозни ёпиш режаси йўқлигини айтган. Бироқ амалда танкерлар ҳаракати беқарорлашган.
Хитой фактори
Қайд этилишича, Эронни Ҳўрмуз бўғозини қамал қилишдан асосий хомашё харидорлари бўлган Хитой ва Ҳиндистон тўхтатиб турибди.
Хитой Халқ Республикаси Эрон расмийларига энергия ресурслари экспортини издан чиқариши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиш борасида босим ўтказмоқда, деб ёзади Reuters.
Хитой импортининг қарийб 65 фоизи Яқин Шарқ ҳиссасига тўғри келади. Шу боис, можаро чўзилса, нафақат энергия бозори, балки глобал инфляция ва иқтисодий ўсиш суръатлари ҳам босим остида қолиши мумкин.





