АҚШ ва Хитой савдо келишуви арафасида — Трамп Си Жинпинг билан учрашади

26.10.2025 | 13:301 дақиқа

АҚШ ва Хитой ўртасидаги музокаралар икки томонни яқин кунлардаги етакчилар учрашуви ва янги савдо келишувига яқинлаштирмоқда. Вашингтон буни «ижобий бурилиш нуқтаси» деб баҳоламоқда.

АҚШ ва Хитой савдо келишуви арафасида — Трамп Си Жинпинг билан учрашади

АҚШ ва Хитой ўртасидаги икки кунлик савдо музокаралари мамлакатларни етакчилар даражасидаги учрашув ва янги савдо келишуви сари яқинлаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир маълум қилди, деб ёзади Reuters.

«Менимча, биз шундай бир нуқтага яқинлашяпмизки, унда икки давлат раҳбарлари жуда самарали учрашув ўтказади», — деди Грир. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги музокаралар дунёдаги икки энг йирик иқтисодиёт — АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларда янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Президент Доналд Трамп 26 октябр куни Малайзия пойтахтига етиб борди. У ерда Жанубий-шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN) саммитида иштирок этади. Reuters маълумотича, беш кунлик Осиё турнеси доирасида Трампнинг Хитой раиси Си Жинпинг билан шахсий учрашуви 30 октябр куни Жанубий Кореяда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

15 октябрь куни Трамп АҚШ Хитой билан савдо уруши ҳолатида эканини билдирган ва божларни миллий хавфсизликни муҳофаза қилишнинг асосий воситаси деб атаган эди. 11 октябр куни эса у Хитойдан келтирилаётган барча товарларга 100 фоизлик бож жорий этиш ниятини билдирган.

Трампнинг айтишича, у Си Жинпинг билан учрашувда фентанил муаммосини асосий масала сифатида кўтаришни режалаштирган. АҚШ президенти Хитойни фентанилни Венесуэла орқали олиб ўтиб, Америка ва Мексика портларидаги назоратни четлаб ўтишда айблаган. Шунингдек, учрашувда Россия ва Украина бўйича масалалар ҳам муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид