АҚШ визасини олиб бериш эвазига пора олган шахс ушланди
АҚШ визасини олиб бериш эвазига 75 минг доллар пора олган шахс қўлга олинди.

Тошкент шаҳрида АҚШга бизнес виза олиб бериш ваъдаси билан 75 минг доллар олган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Маълум қилинишича, Сергели туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.А. ўзини юқори лавозимда ишловчи танишлари борлигини айтиб, фуқаро М.О.га АҚШга бориш учун бизнес виза расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У мазкур хизмат эвазига 75 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Тергов жараёнида ушбу схеманинг бошқа иштирокчилари бор-йўқлиги ҳам ўрганилмоқда.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28 ва 211-моддалари (пора бериш) асосида жиноят ишлари қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





