add

АҚШда AKFA заводи ва Америка пахтаси

Бугун 14:556123

AKFA Америкада 600 млн долларлик завод қуради. У қандай завод бўлади?

АҚШда AKFA заводи ва Америка пахтаси

Америкадан Ўзбекистонга 100 минг тонна пахта импорт қилинади. Пахтадан бу йил қарийб 4 миллион тонна хирмон тўплаган Ўзбекистонга Америка пахтаси нима учун керак?

Мирзиёевнинг Америкага ташрифи ортидан иқтисодиёт ва бизнесга оид бўй кўрсатган энг қизиқ иккита хабарни шарҳлаб берамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 ноябр куни Вашингтон шаҳрига амалий ташрифи доирасида Оқ уйда АҚШ Президенти Доналд Трамп билан учрашув ўтказди. АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган битимга кўра, кейинги 10 йил ичида Ўзбекистон АҚШга 100 млрд доллар инвестиция қилишига келишиб олинган эди.

Ана шундай инвестициялардан бири — Америкада 600 миллион долларлик улкан лойиҳа старт олаётгани ҳақида бизнесмен Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзи гапириб берди.

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, бизнесмен Жаҳонгир Ортиқхўжаев маълум қилишича, унга тегишли AKFA GROUP компанияси АҚШнинг Кентукки штатида Туркия компанияси билан ҳамкорликда йирик завод қурилишини бошлади.

Биринчи босқичда лойиҳага 105 млн долларлик инвестиция жалб қилинмоқда, лойиҳанинг умумий қиймати эса — 600 миллион долларга баҳоланмоқда.

 Жаҳонгир Ортиқхўжаев, тадбиркор:

 «Бу ерда алюминий маҳсулотлари, автомобилларга эҳтиёт қисмлар, қуёш панелларига эҳтиёт қисмлар, ойналарга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган фабрикани бошладик. Худо хоҳласа, биринчи йили 105 миллион доллар инвестиция жалб қилинмоқда. Ундан ташқари, умумий 600 миллион долларлик инвестиция жалб қилинмоқда Америка Қўшма Штатларидаги фабрика учун», — дейди тадбиркор.

Дунёнинг машҳур кийим-кечак брендлари билан ишлаш мақсадида Ўзбекистон АҚШдан 100 минг тонна пахта сотиб оладиган бўлди.

6 ноябр куни Вашингтонда Президент Шавкат Мирзиёев ва АҚШ савдо вазири Ҳовард Латник икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди ва илк шартномалар имзоланди. Жумладан, «Ўзсаноатэкспорт» ҳамда АҚШнинг Cargill корпорацияси ўртасида пахта етказиб бериш бўйича келишув тузилди.

АҚШ давлат департаменти маълумотига кўра, 3 йил давомида импорт қилинадиган 100 минг тонна Америка пахтасидан Samarkand Apparel компанияси халқаро брендлар учун маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу келишув Ўзбекистоннинг Premium бозорларга чиқишини тезлаштириши мумкин.

Samarkand Apparel компанияси раҳбари, Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш агентлиги директори маслаҳатчиси Азиз Аҳроровнинг Oʻzbekiston24 телеканалига таъкидлашича, АҚШ бозорида катта бўшлиқ вужудга келган. Бу ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун янгича имконият яратиб бермоқда.

Бу ташаббус Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотлар учун халқаро талаб ва имижни оширишга қаратилган. Хусусан, «Made from US Cotton» бренди остидаги маҳсулотлар экспорт бозорларида юқори баҳоланиши мумкин.

Ортиқхўжаев ким?

Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаев 1975 йил 2 январ куни Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти бўйича иқтисодчи.

Ўзбекистонда AKFA Group ва ARTEL Group компанияларини ташкил қилган.

2011 йилдан 2017 йилгача Artel Engineering компаниясига раҳбарлик қилган.

2017–2018 йилларда Tashkent City маркази директори лавозимида ишлаган.

У 2018 йил 21 декабрдан Тошкент шаҳри ҳокими лавозимига тайинланган. 2023 йил 16 январда эса ҳокимлик вазифасидан озод этилган.

Айни пайтда тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 3

Барчаси

Мавзуга оид

АҚШда AKFA заводи ва Америка пахтаси | Vaqt.uz