Айрим ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинланади
Пенсия тайинланганидан кейин ишсизлик нафақасини тўлаш кейинги ойдан бошлаб тўхтатилади.
© uznewsҲукуматнинг 2026-йил 28-сентябрдаги 519-сонли қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентга кўра, Ўзбекистонда айрим ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинланади.
Унга кўра, меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинган, умумий меҳнат стажи 25 йилдан кам бўлмаган 58 ёшдан 60 ёшгача эркаклар ва умумий меҳнат стажи 20 йилдан кам бўлмаган 53 ёшдан 55 ёшгача аёллар муддатидан олдин ёшга доир пенсия тайинлаш учун тақдимнома расмийлаштириш бўйича ЯИДХП орқали сўровнома юборади.
Меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқ нусхаси илова қилинади. Меҳнат стажи тўлиқ рақамлашмаган бўлса, меҳнат дафтарчаси нусхаси ҳам тақдим этилади. Маҳаллий меҳнат органи ҳужжатларни 2 иш куни ичида текширади.
Шундан сўнг, ариза берувчи иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинади ва унга 3 ой давомида мақбул иш топиш чоралари кўрилади. Агар 3 ой давомида мақбул иш топилмаса, шахс ишсиз деб эътироф этилади ва муддатидан олдин пенсия тайинлаш учун тақдимнома Пенсия жамғармасига юборилади.
Пенсия тайинланганидан кейин ишсизлик нафақасини тўлаш кейинги ойдан бошлаб тўхтатилади.
Бундан ташқари, ана шу ҳужжат билан меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинган ходимларга иш жойидан учинчи ойга ўртача ойлик иш ҳақи тўлаш тартиби ҳам белгиланди. Бунда ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан сўнг 30 календар кун ичида ЯИДХП орқали мурожаат қилади. 30 кунлик муддат ўтгандан кейин берилган мурожаат кўриб чиқилмайди.
Ҳужжатлар тўлиқ бўлса, маҳаллий меҳнат органи шахсни иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олади ва бу ҳақда маълумотнома юборади. Берилган маълумотнома асосида учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов ундирилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ишламайдиган оила аъзолари учун ижтимоий солиқ тўлаш имконияти яратилиши ҳақида ёзган эдик.





