Logo

«Билимни илмий йўналишда қўллашда ҳали камчилигимиз бор» — вазир PISA натижалари ҳақида

Бугун 22:104 дақиқа

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова PISA натижаларидан кейинги асосий вазифалар сифатида ўқувчиларнинг билимини амалда қўллаш, ота-оналарнинг таълимдаги иштирокини кучайтириш ва сунъий интеллектдан тўғри фойдаланиш ўникмалари шакллантирилиши зарурлигини қайд этди.

«Билимни илмий йўналишда қўллашда ҳали камчилигимиз бор» — вазир PISA натижалари ҳақида

Бу ҳақда 8-сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Таълим форуми якунидан сўнг Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова «Газета.uz»’га маълум қилди.

Ўқувчилар билимни амалиётда қўллашда қийналмоқда

Вазирнинг таъкидлашича, PISA тадқиқотида нафақат ўқувчиларнинг табиий фанлар бўйича билими, балки мактабларда таълим олиш учун яратилган шароитлар ва таълим жараёни билан боғлиқ бошқа жиҳатлар ҳам баҳоланган. Ўзбекистон натижаларга кўра Марказий Осиё давлатлари орасида юқори ўринни эгаллаган.

Каримова кейинги босқичда ўқувчиларнинг олган билимларини илмий ва амалий йўналишларда қўллай олиш қобилиятига кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини айтди.

“Болаларимиз билимни оляпти, лекин уни илмий йўналишда қўллашда ҳали камчилигимиз бор экан”, — дейди Каримова.

Унинг фикрича, таълим тизимидаги яна бир муҳим йўналиш мактаб ва ота-оналар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан иборат. PISA доирасида ўқитувчиларнинг таълим бериш жараёни билан бир қаторда, оиланинг бола таълимига қўшаётган ҳиссаси ҳам ўрганилган.

Вазир ўқитувчиларнинг ўз вазифасига масъулият билан ёндашаётганини ўқувчиларнинг ўзлари ҳам тасдиқлаганини таъкидлади. Бироқ ота-оналарнинг фарзанд таълимидаги иштирокини янада ошириш зарурлигини қайд этди.

«Ўқитувчиларимизнинг болаларга сидқидилдан билим ўргатишга ҳаракат қилаётганини ўқувчиларнинг ўзлари ҳам тасдиқлашган. Бироқ, ота-оналарнинг фарзанди таълимидаги иштироки масаласига ҳам жиддийроқ эътибор қаратишимиз лозим», — дейди вазир.

Каримова айрим ота-оналар фарзанди учун зарур шароитларни яратиб беришнинг ўзи билан таълим жараёнидаги вазифасини бажарган деб ҳисоблаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, боланинг билими ва тарбияси фақат таълим муассасаси зиммасида қолиб кетмаслиги керак.

«Бизда шундай тенденция шаклланган: ота-она „фарзандимнинг билим олиши учун ҳамма шароитни қилиб қўйдим, бўлди“, деб ўйлайди. Қолган барча нарсани — билим олишни, ҳатто тарбияни ҳам таълим ташкилотларидан кутаётган ҳолатлар кўп кузатиляпти», — дея қўшимча қилди Каримова.

Вазир ота-оналар фарзанди мактабда нималарни ўрганаётгани билан уйда ҳам қизиқиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, боладан кун давомида нималарни ўргангани ҳақида сўрашнинг ўзи унинг таълим жараёнидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.

«Фарзанд мактабдан келганда: „Қани, бугун нимани ўргандинг, нимани тушундинг?“, деб сўрашнинг ўзи болада масъулият ҳиссини оширади. Устоз бу ёқдан сўрайди, ота-она у ёқдан сўрайди», — дейди у.

Таълимга киритилган инвестициялар натижаси кўрина бошлаган

Эъзозхон Каримова PISA натижаларида таълим соҳасига киритилган инвестицияларнинг таъсири ҳам намоён бўлаётганини айтди.

Вазир бугунги натижаларда 2022 йилда таълим соҳасига йўналтирилган маблағлар ва яратилган имкониятларнинг таъсири борлигини қайд этди.

«Мен хурсанд бўлган жиҳат — таълимга киритилган инвестиция аста-секин натижасини кўрсата бошлади. Бу ҳурматли президентимиз томонидан болаларимизнинг етарли билим олишига қаратилган эътибор ва яратилган имкониятлар натижаси, деб ўйлайман», — дейди вазир.

Ўқувчиларга сунъий интеллектдан тўғри фойдаланиш ўргатилади

PISA 2025 тадқиқотида рақамли муҳитда маълумот ва билим олиш, шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ кўникмалар ҳам баҳоланган.

Каримова келгусида ўқувчиларга сунъий интеллектдан фойдали ва тўғри мақсадларда фойдаланишни ўргатиш таълим тизимининг муҳим вазифаларидан бири бўлишини айтди.

Бу борада дастлабки ишлар бошланган. Хитой Шарқий педагогика университети томонидан сунъий интеллект бўйича ишлаб чиқилган қўлланмалар Ўзбекистонга олиб келиниб, маҳаллий шароитга мослаштирилган ва ўзбек тилига таржима қилинган.

«Ҳозир улар чоп этиляпти ва сентябрь охирига қадар барча мактабларимизга етказилади», — дейди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу материаллардан фойдаланиш самараси келгуси PISA тадқиқотларида ҳам акс этиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон халқаро таълим тадқиқотларида иштирокини давом эттирмоқда. Мамлакатнинг PISA 2029 тадқиқотида иштирок этиши бўйича ҳам келишувга эришилган.

«Таълим ҳеч қачон тўхтамайди», — дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазири.

Ўзбекистон PISA 2025да 48-ўринни эгаллади

PISA 2025 натижаларига кўра, Ўзбекистон ўқувчилари 91 та давлат ва таълим тизими орасида табиий фанлар бўйича 438 балл билан 48-ўринни эгаллаган.

«Рақамли дунёда ўрганиш» йўналишида эса мамлакат 402,4 балл билан 72-ўриндан жой олган.

Математика ва ўқиш бўйича натижалар маълумотлардаги номутаносибликлар аниқлангани сабабли ҳозирча эълон қилинмаган.

Аввалроқ Vaqt.uz Ўзбекистоннинг PISA–2025 натижаларини таълим эксперти Комил Жалилов билан таҳлил қилган эди. Унда эксперт 83 баллик ўсиш, PISA форматига тайёргарлик, Президент мактабларининг натижага таъсири ва таълимдаги тафовутлар ҳақида фикр билдирган. Унинг таъкидлашича, асосий мақсад PISA рейтингида юқорилаш эмас, балки таълим тизимида реал ва барқарор ўзгаришларга эришиш бўлиши керак.

Теглар

Мавзуга оид