Бир ойда банкларнинг муаммоли кредитлари 2 трлн сўмга ошди
Апрел ойида мамлакатдаги банкларда муаммоли кредитлар ҳажми кескин ўсди. Энг катта ўсиш «Milliy bank», «Kapitalbank», «Agrobank» ва «Madad Invest bank» ҳиссасига тўғри келди.

Ўзбекистон тижорат банкларининг муаммоли кредитлари (НПЛ) апрел ойида 2 трлн 56 млрд сўмга кўпайиб, йил бошидан бери энг юқори ойлик ўсишни қайд этди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.
1-май ҳолатига кўра, мамлакатдаги банкларнинг умумий кредит портфели 629 трлн сўмга етган. Шундан 21 трлн 917 млрд сўми муаммоли кредитлар ҳиссасига тўғри келади.
Давлат банкларидаги НПЛ
Маълумотларга кўра, давлат банкларининг кредит портфели 417 трлн 262 млрд сўмни ташкил этган. Муаммоли кредитлар ҳажми эса 15 трлн сўмга етган бўлиб, бу умумий портфелнинг 3,6 фоизига тенг.
Апрел ойида давлат банкларидаги муаммоли кредитлар 801 млрд сўмга ошди. Бу ўсишнинг асосий қисми «Milliy bank» ҳиссасига тўғри келиб, унда муаммоли кредитлар 485 млрд сўмга кўпайган. Agrobank»да ҳам мазкур кўрсаткич 351 млрд сўмга ошган.
Айни пайтда, «SQB»да муаммоли кредитлар 80 млрд сўмга, «Тuronbank»да 26 млрд сўмга ва «Аsakabank»да 17 млрд сўмга қисқарган. Қолган давлат банкларида эса сезиларли ўзгариш қайд этилмаган.
Хусусий банклар
Тўрт ойда хусусий банкларнинг кредит портфели 211 трлн 737 млрд сўмни ташкил қилди. Улардаги муаммоли кредитлар ҳажми 6 трлн 821 млрд сўм ёки умумий портфелнинг 3,2 фоизига тенг бўлди.
Апрел ойида ушбу тоифадаги банкларда муаммоли кредитлар 1 трлн 255 млрд сўмга ошган. Энг катта ўсиш «Kapitalbank»да 439 млрд сўм ва «Madad Invest bank»да 286 млрд сўмни ташкил этди. Шунингдек, «Orient Finans bank», «TBC bank» ва «Trastbank»да ҳам муаммоли кредитлар ҳажми ўсган.
«Poytaxt bank», «Garant bank» ва «Hayot bank» эса муаммоли кредитлар ҳажмини қисқартиришга эришган. Бироқ «Poytaxt bank»да НПЛ даражаси юқорилигича қолмоқда.
Шу билан бирга, хусусий банклардаги НПЛ улуши умумий кредит портфелининг 3,2 фоизини ташкил қилиб, давлат банкларидаги 3,6 фоизлик кўрсаткичдан паст сақланмоқда.






