Logo

Блогер Сирожиддин Одиловга оид жиноят иши бўйича суд тергови нолдан қайта бошланадиган бўлди

Бугун 10:062 дақиқа

Суд раисининг бошқа лавозимга тайинлангани муносабати билан блогер Сирожиддин Одиловга нисбатан олиб борилаётган жиноят ишини кўриб чиқиш яна бошидан бошланади.

Блогер Сирожиддин Одиловга оид жиноят иши бўйича суд тергови нолдан қайта бошланадиган бўлди © vaqt.uz

Блогер Сирожиддин Одиловга оид ишни кўриб чиқаётган судья Санжар Расулов Навоий вилояти судининг жиноят ишлари бўйича суд ҳайъати раиси лавозимига тайинланган. Шу муносабат билан блогерга оид иш тергови яна қайтадан бошланади.

Маълумот учун, иш доирасида музокаралар ва судланувчининг сўнгги сўзи тингланганидан сўнг суд тергови тикланган бўлиб, судьянинг бошқа ишга ўтиши ортидан амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, жиноят иши янги судья томонидан нолдан қайта ўрганиб чиқилиши керак.

Судланувчининг Vaqt.uz га гапирган адвокатларига кўра, юзага келган вазият энди суд жараёнининг янада чўзилишига, ўнлаб гувоҳлар ҳамда мутахассисларни қайта сўроқ қилиш зарурати юзага келишига ва судланувчининг эҳтиёт чораси остида қамоқда қолиш муддати узайишига олиб келади.

Ҳимоя томони, шунингдек, Сирожиддин Одиловнинг тергов ва суд тергови жараёнида саломатлиги кескин ёмонлашганини ҳамда ярим йилдан ортиқ вақтдан бери қамоқда ушлаб турилганини билдириб, унга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини уй қамоғи ёки бошқа енгилроқ муқобил турдаги эҳтиёт чорасига ўзгартиришни сўрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, Сирожиддин Одилов YouTube’даги «Сирожиддин Медиа» канали орқали танилган блогер. У ижтимоий тармоқларда турли мавзулардаги видеолар ва чиқишлари билан кенг аудитория тўплаган.

Одиловга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги илк расмий хабар 2026-йил 11-март куни тарқалган. Ўша пайтда Самарқанд вилояти ИИБ маълумотига кўра, Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро блогер устидан шикоят қилган. Фуқаро 2024-йил августида Сирожиддин Одиловга бошқа шахс билан ўртасидаги молиявий масалани ҳал қилиб беришни сўраб мурожаат қилган. ИИБ маълумотида Одилов ваколатли шахс бўлмаса-да, масалани ҳал қилиб беришни ваъда қилгани ва бунинг эвазига пул олгани, кейинчалик ваъдасини бажармагани айтилган.

Шундан сўнг Одиловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) ҳамда 211-моддаси (пора бериш) билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган. Унга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Аммо иш судга етиб келгач, судда кўрилаётган айбловлар бошқа моддалар билан кўрсатилган.

Сирожиддин Одилов охирги вақтларда Фурқат тумани ички ишлар бўлими собиқ раҳбари ва яна бир қатор ходимларининг қамалиши билан якунланган «Гулираъно Қосимова иши» бўйича суд жараёнларини фаол ёритиб борганди.

Илёс Сафаров

Илёс СафаровМақолалар сони: 134

Барчаси

Мавзуга оид