add

Брокер фаолияти тўхтатилганда инвесторлар активларини кўчириш тартиби белгиланди

Бугун 17:01982 дақиқа

Ўзбекистонда брокер лицензияси тўхтатилганда ёки бекор қилинганда инвесторлар қимматли қоғозларини муҳофазали кўчириш тартиби расман тасдиқланиб, аниқ муддат ва мажбуриятлар белгилаб берилди.

Брокер фаолияти тўхтатилганда инвесторлар активларини кўчириш тартиби белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) директори буйруғи билан тасдиқланган «Инвестиция воситачиси сифатида депозитар операциялари фаолияти тўхтатилган ёки тугатилган тақдирда ҳаракатлар тартиби тўғрисида»ги низом Адлия органларида давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжат брокер лицензияси вақтинча тўхтатилган ёки бутунлай бекор қилинган ҳолатларда инвесторлар активларини муҳофаза қилиш механизмларини белгилайди.

Низомга кўра, брокер лицензияси вақтинча тўхтатилганда депозитар операциялар ҳам тўхтатилади. Бу ҳақда икки иш куни ичида оммавий ахборот воситалари ҳамда фонд биржасининг расмий саҳифалари орқали эълон берилиши шарт. Ушбу даврда инвесторлар ўз қимматли қоғозлари билан операциялар амалга ошира олмайди.

Брокер лицензияси тугатилганда ёки бекор қилинганда, брокер ҳар бир инвесторнинг депо ҳисобварақлари бўйича кўчирмаларни шакллантириб, фаолият тугатилгани ҳақида инвесторларга хабарнома юборади. Хабарнома олинганидан сўнг инвестор бир ҳафта ичида қимматли қоғозларини қайси брокерга ўтказишни кўрсатиб, ёпилаётган брокерга ёзма топшириқ тақдим этиши лозим.

Агар инвестор белгиланган муддатда топшириқ бермаса, брокер қимматли қоғозларни Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига ўтказади. Марказий депозитарий активларни вақтинча сақлаш учун қабул қилади. Инвестор янги брокерни танлаганидан кейин эса, қимматли қоғозлар бир иш куни ичида танланган брокерга ўтказиб берилади.

Мутахассислар фикрича, мазкур низом инвесторлар активларининг йўқолиб кетиш хавфини камайтиради ва бозор иштирокчилари учун аниқ ҳамда шаффоф ҳаракатлар алгоритмини белгилайди. Ҳужжат брокерлар, инвесторлар ва Марказий депозитарий ўртасидаги масъулиятни аниқ тақсимлаб, қимматли қоғозлар бозорида ишончни оширишга хизмат қилади.

Г.Бозорова тайёрлади.

Теглар

Мавзуга оид