Logo

«Бронежилет» эмас — «зирҳнимча», «гауптвахта» эмас — «бандихона»: 30 та ҳарбий атама ўзбекчалаштирилди

Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти 30 та ҳарбий атаманинг ўзбекча муқобилларини тасдиқлади. Энди «тревога» — «бонг», «атака» — «ҳамла», «трибунал» эса «ҳарбий маҳкама» деб юритилади.

«Бронежилет» эмас — «зирҳнимча», «гауптвахта» эмас — «бандихона»: 30 та ҳарбий атама ўзбекчалаштирилди © SI asosida yaratilgan

Ўзбекистонда ҳарбий соҳада қўлланиладиган 30 та чет тилига оид атаманинг ўзбек тили қоида ва меъёрларига мослаштирилган муқобиллари расмий муомалага киритилади. Бу ҳақда Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти маълум қилди.

Тасдиқланган рўйхатга кўра, эндиликда «тревога» сўзи ўрнига «бонг», «атака» ўрнига «ҳамла», «блиндаж» ўрнига «панажой», «трибунал» ўрнига эса «ҳарбий маҳкама» атамаларидан фойдаланилади.

Мазкур атамалар аввалроқ ҳарбий ҳамда бошқа соҳалардаги норматив-ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжатларда чет тилларидан ўзлашган шаклда қўлланиб келинган.

Расмий муомалага киритиладиган 30 та ҳарбий атама рўйхати

Институт томонидан тасдиқланган рўйхатда қуйидаги чет тилларига оид сўз ва атамаларнинг ўзбекча муқобиллари келтирилган:

  • Аксельбант — Зарбанд: фахрий қоровул шахсий таркиби ва ҳарбий парадлар иштирокчиларининг тантанали маросимларда ўнг елкага тақиладиган кийим элементи.

  • Амбразура — Шинак: ҳарбий иншоотлар ва минораларда турли қуроллардан ўт очиш учун мўлжалланган очиқ ёки тўсиладиган туйнук.

  • Атака — Ҳамла: душманни яксон қилиш мақсадида кучли ўт очиш билан биргаликда қисмлар, бўлинмалар, қўшилмалар, танк ва ҳаво ҳужуми гуруҳларининг жанговар тартибдаги шиддатли ҳаракати.

  • Барабан — Довул: ҳарбий соҳада саф тайёргарлиги машғулотлари ва сафда туриб бажариладиган ҳаракатлар мобайнида қўлланадиган зарбли мусиқа чолғу асбоби.

  • Барабанчи — Довулчи: мазкур мусиқа асбобини чаладиган ҳарбий хизматчи.

  • Блиндаж — Панажой: шахсий таркибни ҳаво, артиллерия, турли отишмалар ва оммавий қирғин қуролларидан ҳимоя қилишга мўлжалланган ёпиқ истеҳком.

  • Блокада — Қамал: қамал қилинувчи объектнинг ташқи алоқаларга киришишининг олдини олиш мақсадида ажратиб қўйилиши (қуруқлик, денгиз ва ҳаво қамалига ажратилади).

  • Бронежилет — Зирҳнимча: танани ўқ ва снаряд парчаларидан ҳимоя қилувчи восита-нимча.

  • Блокпост — Тўсиқпост: қуролланган қўриқчилар ёки махсус техникалар билан мустаҳкамланган тўсувчи ва назорат-ўтказувчи жой.

  • Вещмешок — Юкхалта: ҳарбий соҳада зарур юкларни ўзи билан бирга олиб юриш учун мўлжалланган халта.

  • Гауптвахта — Бандихона: ҳибсга олинган ҳарбий хизматчиларни тутиб туриш учун мўлжалланган махсус бино.

  • Горн — Бурғу: ҳарбий оркестрларда ҳамда махсус чорлов ва чақирув учун фойдаланиладиган мисдан ясалган пуфлаб чалинадиган мусиқа асбоби.

  • Горнчи — Бурғучи: бурғу чалувчи ҳарбий хизматчи.

  • Диверсия — Қўпорувчилик: душман эътиборини асосий операциядан чалғитиб, уни заифлаштиришга қаратилган (портлатиш, ўт қўйиш, заҳарлаш ва бошқа) ҳаракат.

  • Диверсант — Қўпорувчи: қўпорувчиликни амалга оширувчи шахс.

  • Дубинка — Дарра: ҳарбий соҳада рухсат этилган хизматчилар ёнида олиб юрадиган махсус резинадан ясалган таёқ.

  • Дозор — Эровул: илғор хабарчилар гуруҳи, душман ва ҳудуд ҳақида маълумотлар излаб топиш учун мўлжалланган жанговар бўлинма.

  • Кокарда — Жиға: ҳарбий бош кийимга қадаладиган махсус нишон.

  • Котелок — Қозонча: уруш шароити ва ҳарбий йиғинлар вақтида хизматчилар овқат солиб ейдиган, зарур ҳолларда пишириш учун мўлжалланган идиш.

  • Мишень — Нишон: қурол мосламасида ҳамда ҳарбий йиғинлар вақтида мўлжалга олинадиган мослама.

  • Окоп — Хандақ: шахсий таркиб ва жанговар техника учун ўт очиш ҳамда ҳимояланиш марраси бўлиб хизмат қилувчи очиқ турдаги истеҳком.

  • Противогаз — Газниқоб: заҳарловчи ва радиоактив моддалардан нафас олиш органлари, кўзлар ва юзни ҳимоя қилиш учун мўлжалланган шахсий ҳимоя воситаси.

  • Режим — Тартибот: қўриқланаётган ҳарбий қисм ва муассасалар ҳудудига кириш-чиқишни тартибга солувчи қонун-қоидалар тизими.

  • Траншея — Хандақ йўлаги: ўт очиш ва душман назаридан яширин юриш учун мўлжалланган хандақ йўлаги.

  • Тревога — Бонг: қисмни ёки кемани жанговар вазифани бажаришга тайёрлаш мақсадида зудлик билан жанговар шайликка келтириш.

  • Тренчик (ҳарбий бош кийим занжир боғи) — Занжирбоғ: ҳарбий бош кийимнинг олд қисмидаги занжир.

  • Трибунал — Ҳарбий маҳкама: асосан ҳарбий жиноий ишлар кўриладиган суд ҳайъати, фавқулодда ёки ихтисослашган суд.

  • Фуражка — Бўрк: ҳарбий бош кийим.

  • Фортификация — Истеҳком: фортификацияли иншоотларни қуриш ва улардан фойдаланиш соҳаси ҳамда қўшинлар, аҳоли ва объектларни душман зарбасидан ҳимоя қилиш учун қурилган иншоотлар.

  • Шеврон — Уқа: ҳарбий кийимнинг турли қисмлари, асосан, енгларидаги ёпиштирма уқа.

Атамаларнинг тарихий ва луғавий асослари

Тасдиқланган ҳужжатда ҳар бир атаманинг келиб чиқиши ва ўзбек тилида қўлланилиш асослари келтирилган.

Хусусан, «зарбанд», «панажой», «зирҳнимча», «тўсиқпост», «юкхалта», «газниқоб» ва «занжирбоғ» каби атамалар ўзбек тилининг сўз ясаш қоидаларига мувофиқ икки сўзнинг қўшилишидан янги ясалган.

Шу билан бирга, бир қатор атамалар ўзбек тилида тарихан қўлланиб келинган муқобил сўзлар сифатида танланган.

Ҳужжатда уларнинг мумтоз асарларда ва луғатларда учрашига мисоллар келтирилган:

  • «Шинак» атамаси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарида қўлланган: «Хожа Қози ва беклар менинг қошимга келиб, сўз ва кенгашни бир ерга қўйиб, қўрғоннинг бурж ва шинакларини тузатишга, тартибга солишга киришдилар».

  • «Ҳамла» сўзи Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асарида «Лашкар бошлиғи ёвга ҳамла қиладиган бўлса, уйқусини ҳайдаб, тун-кун ҳушёр туриши керак» тарзида учрайди.

  • «Бонг» атамаси қадимги туркий ёзма манбаларда «бонг урилди» шаклида, Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома» ва «Бобурнома» асарларида эса «чақириқ», «сергаклик», «уйғотиш» маъноларида ифодаланган.

  • «Бўрк» сўзи Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида «татсиз турк бўлмас, башсиз бўрк бўлмас» мақолида, «Бобурнома»да эса «Дубулға бўркидан бирор тори кесилмаганига қарамасдан, бошим хийла яраланди» матнида бош кийим маъносида истифода этилган.

  • «Жиға» атамаси «Алпомиш» достонида «Алпларнинг зўри Кўкалдош эканини билди: зўрлик номига бошида тилла жиғаси бор эди» тарзида, шунингдек, Алишер Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достонида қўлланилган.

Теглар

Мавзуга оид