Бюджетни тақсимлашнинг 50/30/20 методи қандай ишлайди?
Харажатларни режалаштириш — молиявий мустақилликнинг асосий қоидаларидан биридир. Агар ўз харажатларингизга онгли равишда ёндашсангиз, пуллар ҳавога учиб кетмайди. Молиявий ҳолатни тартибга солишга имкон берувчи бюджетни тақсимлашнинг бир нечта методлари мавжуд. Қуйида уларнинг энг оммабопларидан бири — 50/30/20 методи ҳақида сўзлаб берамиз.
50/30/20 методининг моҳияти нимада?
Бюджетни тақсимлашнинг 50/30/20 методи шуни назарда тутадики, даромад олганингизда аввал солиқлар учун пул олиб қўясиз, қолганини эса уч қисмга бўласиз.
Биринчи қисм: даромаднинг 50 фоизи — мажбурий харажатлар учун. Буларсиз яшаб бўлмайдиган харажатлардир. Агар уларнинг бирортасидан воз кечилса, ҳаёт даражаси сезиларли даражада пасаяди. Мажбурий харажатлар — бу:
· уй-жой учун тўлов — ижара ёки ипотека;
· коммунал хизматлар, шу жумладан алоқа ва Интернет;
· жамоат транспортида юриш ёки шахсий машина таъминоти;
· озиқ-овқат, кийим-кечак ва зарур дори-дармонлар;
· қарздорликларни узиш.
Агар ушбу тоифадаги харажатлар даромаднинг 50 фоизидан ошиб кетса, даромадни ошириш йўлларини излаш керак. Масалан, малакани ошириш, касбни ўзгартириш, қўшимча иш олиш ёки иш ҳақини оширишни сўраш лозим.
Иккинчи қисм: даромаднинг 30 фоизи — исталган харидлар учун. Булар ижобий ҳиссиётлар келтирадиган, лекин ҳаётий зарур бўлмаган харидлардир. Агар бундай харажатлардан воз кечилса, ҳаёт даражаси у қадар пасаймайди. Исталган харидлар — бу:
· кўнгилочар тадбирлар — кино, театрлар, сериалларга обуналар;
· уйдан ташқаридаги таомланиш — ресторанлар, кафелар, ўзингиз билан олинадиган кофе;
· парвариш муолажалари;
· саёҳатлар;
· ҳобби;
· қимматбаҳо кийим-кечак ва техника.
Ушбу харажатларнинг барчаси ҳаётдан завқланишга ёрдам беради, бироқ завқ-шавқ учун ҳаддан ташқари кўп пул сарфламаслик учун бу маблағ даромаднинг 30 фоизига сиғиши керак.
Учинчи қисм: даромаднинг 20 фоизи — келажак учун. Харажатларнинг ушбу қисми ўзингиз ҳақингизда қайғуриш учун мўлжалланган. Метод муаллифларининг фикрича, ҳозир қанча кўп жамғарилса, кейинчалик шунчалик осон бўлади. Бу тоифага қуйидагилар киради:
· инвестициялар;
· пенсияни шакллантириш;
· ҳар эҳтимолга қарши захира («қора кунга») — ундан фақат фавқулодда вазиятларда фойдаланиш мумкин;
· йирик харидлар учун жамғарма — шахсий уй-жой ёки болалар таълими учун.
Агар ҳар ой даромаднинг 20 фоизи олиб қўйилса, бу молиявий стрессни камайтиради: келажакка ишонч беради, инқирозларни енгиб ўтишга ёрдам беради ва кутилмаган харажатларга тайёрлайди.
Мисол учун: агар сиз ойига 7 000 000 сўм ишлаб топсангиз, харажатлар тузилмаси қуйидагича бўлади: 3 500 000 сўм мажбурий харажатларга, 2 100 000 сўм «хоҳишлар»га ва 1 400 000 сўм молиявий эркинликка яқинлашиш учун.
50/30/20 методининг ўзига хос хусусиятлари
Пуллар фақат бюджет тўловларидан кейингина қисмларга тақсимланади. Метод муаллифлари аввал давлат билан ҳисоб-китоб қилиш керак деб ҳисоблашади. Шунинг учун биринчи навбатда даромаддан солиқларни айириб ташлаймиз, сўнгра уч қисмга тақсимлаймиз. Агар сиз якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) бўлсангиз, солиқлар билан бирга мажбурий бадалларни ҳам айириб ташлаш керак.
Усулнинг асосий мезони — ҳаёт даражасини субъектив ҳис қилишдир. Харажатни қайси тоифага киритишни ўзингиз ҳал қиласиз. Агар бирор харажатсиз ҳаёт ноқулай бўлиб қолса, демак бу кўпроқ мажбурий харажатларга киради. Масалан, агар инсон тренажёр залисиз яшай олмаса, бу ҳолатда фитнес учун харажатлар мажбурий харажатларга тегишли бўлади.
Пул етмаслиги мумкин. Харажатларнинг бир қисми белгиланган лимитдан анча чиқиб кетадиган вазиятлар бўлади. Масалан, мажбурий харажатлар даромаднинг 75 фоизини ташкил қилади. Бу ҳолатда тафтиш ўтказиш керак: эҳтимол, сиз ҳаддан ташқари қиммат уйни ижарага олаётгандирсиз ёки автобусда юриш мумкин бўлган жойга тез-тез таксида бораётгандирсиз. Баъзан харажатларни қисқартириш мумкин, агар бунинг иложи бўлмаса, даромадни ошириш йўлларини излаш ёки қисмлар пропорциясини ўзгартиришга ҳаракат қилиш керак.
Қисмлар пропорциясини ўзгартириш мумкин. Агар даромад ҳозирча кичик бўлса, мажбурий харажатларга ярмидан кўп маблағ кетиши, келажак учун эса умуман ҳеч нарса қолмаслиги нормал ҳолат. Ва аксинча: агар миллионерга айланган бўлсангиз, уй-жой учун даромаднинг камида 50 фоизини сарфлаш мақсадида қасрга кўчиб ўтиш шарт эмас.
Усул — даво (панацея) эмас. Бу бюджетни назорат қилиш ва импульсив (ўйламасдан қилинадиган) харидларга йўл қўймаслик усулларидан бири холос. Бундай методларнинг ўнлаб турлари мавжуд, шунинг учун мосини танлаш учун бир нечтасини синаб кўриш ва солиштириш керак.
Энг асосийси
50/30/20 усули бюджетни назорат остида ушлаб туришга ёрдам беради. Агар исталган харажатларни 30 фоизга сиғдирсангиз ва 20 фоизини олиб қўйсангиз, пулларингизни ҳавога учирмайсиз ва ўзингиз учун «хавфсизлик ёстиқчаси»ни шакллантирасиз. Агар ушбу метод пропорцияларига сиға олмасангиз, ҳечқиси йўқ. Уларни ўзгартиринг ёки бюджетни тақсимлашнинг бошқа методини танланг. Эҳтимол, у сизга шунчаки мос келмас.
Теглар






