
Чироқчилик фуқаронинг уйидан қарийб 21 кг гиёҳванд модда топилди
Аниқланишича, у гиёҳвандлик воситаларини келгусида сотиб, пул топиш мақсадида етиштирган.

Чироқчи туманида фуқаронинг уйидан қарийб 21 кг гиёҳвандлик воситаси топилган. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда Чироқчи туманида яшовчи 1981 йилда туғилган, муқаддам 2 маротаба судланган шахснинг яшаш хонадони кўздан кечирилган ва 3 дона синтетик қопда сақланаётган 20 кг 658 гр марихуана гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Маълум бўлишича, мазкур фуқаро келгусида сотиб, осон пул топиш мақсадида ушбу ажал оғусини етиштирган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш...) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Таъкидлаш лозимки, мазкур модданинг 5-қисмида назарда тутилган жиноятлар учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда контрабанда йўли билан олиб кирилган гиёҳванд моддалар фош этилганлиги ҳақида хабар берган эдик.





