
Давлат қоплаб берадиган «права» пули, қишда бўладиган аномал совуқ ва «Шажара» ахборот тизими — 21 ноябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Сариосиё тумани ҳокими ўринбосари озодликдан маҳрум қилинди
Сурхондарёда Сариосиё тумани ҳокимининг ўринбосари Асқарали Қурбонов 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Судга кўра, у фуқарони боғчага мудир лавозимига ишга киритишни ваъда қилиб, хизмат хонасида 500 доллар пора олган. Терговдаги аудиоёзувлар ва гувоҳлар кўрсатмалари пул қарз эмас, балки пора бўлганини тасдиқлади.
Суд ҳукмига кўра, у давлат ҳокимияти тизимида ишлаш ҳуқуқидан 2 йил 1 ойга маҳрум қилинди. Шу билан бирга, пора сифатида олинган 500 доллар давлат даромадига ундирилади. Суд айрим эпизодларни далил етишмаслиги сабаб чиқариб ташлаган бўлса-да, асосий айбловлар тўлиқ исботланган деб топилди.
Камбағал оила фарзандларининг «права», контракт ва ҳарбий хизмат тўловлари қоплаб берилади
Камбағалликни қисқартиришга қаратилган янги фармонга кўра, ижтимоий шартномаларни бажармаган ёшларга босқичма-босқич чекловлар қўлланади: аввал 15 кунлик огоҳлантириш берилади, кейин ёрдам 15–30 фоизга қисқартирилиши, 1 ойдан 6 ойгача тўхтатилиши ёки 1 йил ва ундан ортиқ муддатга бекор қилиниши мумкин. Шу билан бирга, шартномаларни ўз вақтида бажараётган ёшларга рағбатлантириш чоралари жорий этилмоқда — ижтимоий ёрдамда навбатдан ташқари ҳуқуқ, йилнинг энг фаол 1000 нафар йигит-қизига БҲМнинг 3 баробари миқдорида мукофот ва бошқа имтиёзлар тақдим этилади.
2026 йил 1 февралдан камбағал оилалар реестридаги ёшлар учун қўшимча имкониятлар очилади: сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизматни бепул ўташ мумкин бўлади, ҳайдовчилик курслари харажатлари «Ёшлар дафтари» жамғармасидан қопланади, касбий ва олий таълимда контракт тўловининг 50 фоизгача қисми шартнома бажарилишига қараб молиялаштирилади. Бир шахс бир йилда икки мартадан ортиқ ижтимоий ёрдам ололмайди.
Тошкентнинг чанг ҳавоси сув сепиб тозаланмоқда
Тошкентда ҳаводаги чанг миқдори кескин ошгани сабаб шаҳар ҳокимлиги махсус тозалаш режимини жорий этди. Йўл қопламалари мунтазам намланмоқда, фавворалар ва микроиқлим қурилмалари мавсум тугаганига қарамай қайта ишга туширилди. Мутахассислар таъкидлашича, йўлни сув билан намлаш PM10 ва PM2.5 заррачаларини бир неча соатда пасайтиради, чунки майда чанг сув томчиларига бириккан ҳолда ҳавога қайта кўтарилмайди.
Ҳокимликка кўра, бу чоралар автомобил ҳаракати туфайли юзага келадиган «иккиламчи чангланиш»ни ҳам анча камайтиради — халқаро тадқиқотларда бу турдаги чанг умумий PMнинг 25–40%ини ташкил этиши айтилган. Йўл ва яшил ҳудудларни намлаш микроиқлимни совитиб, чангнинг ҳавода узоқ сақланишини олдини олади. Дарахт ва буталар ҳам табиий фильтр сифатида PM зарраларини ушлаб қолади. Йўлларни сувлаш муаммони тўлиқ ҳал қилмаса-да, ифлосланишни қисқа вақт ичида сезиларли даражада камайтирувчи муҳим чора сифатида қўлланилмоқда.
Ўзбекистонда «Шажара» ахборот тизими йўлга қўйилади
Президент Мирзиёевга архив иши, интеллектуал мулк ва юридик таълимни ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдим этилди. Архив фонди рақамлашувини 2030 йилгача 60 фоизга етказиш, ноёб ҳужжатларни тўлиқ рақамлаштириш, барча ахборот тизимларини ягона платформада бирлаштириш, ҳужжатларни RFID орқали онлайн кузатиш ва сунъий интеллект ёрдамида таснифлаш режалаштирилмоқда. Тақдимотда энг муҳим янгилик сифатида «Шажара» ахборот тизимини яратиш таклифи берилди — у фуқароларга ўз шажарасини тузиш, туғилиш, никоҳ ва ўлим маълумотларини кўриш, генетик маълумотлар асосида узоқ қариндошларни топиш имконини беради.
Юридик таълимда амалий машғулотлар улуши 50 фоизгача оширилади, ҳуқуқ соҳаси бўйича клиникалар очилади, «Рақамли ҳуқуқ» ва «Корпоратив ҳуқуқ» каби янги йўналишлар ташкил этилади. Шунингдек, интеллектуал мулк объектлари менежменти бўйича кадрлар тайёрлаш бошланади. Тадбиркорликни енгиллаштириш мақсадида 800 га яқин эски меъёрий ҳужжат бекор қилиниши, 77 таси қайта кўриб чиқилиши ва 15 дан ортиқ ортиқча талаблар қисқартирилиши режалаштирилган.
Бу йил қиш қишлигини қиладими? Ўзгидромет прогнозларни эълон қилди
Ўзгидромет 2025–2026 йиллар қиш мавсуми учун дастлабки прогнозни эълон қилди. Таҳлилларга кўра, қиш умумий ҳисобда нисбатан илиқ кечади, аммо ёғингарчилик миқдори айрим ойларда меъёрда, бошқаларида эса кам бўлиши кутилмоқда. Декабрь меъёрдан 1–1,5 даража илиқ бўлади, январь эса айрим ҳудудларда бироз совуқроқ ўтиши мумкин.
Шу билан бирга, қишнинг энг ҳассос даври ой охири ва февраль бошига тўғри келади. Ўшанда мамлакатга аномал совуқлар кириб келиши тахмин қилинмоқда: Нукус ва Урганчда ҳарорат -25 даражагача, бошқа ҳудудларда -17 даражагача пасайиши мумкин. Февралнинг иккинчи ярмидан бошлаб об-ҳаво кескин илиқлашиб, кундузги ҳарорат +10…+15 даражагача кўтарилиши кутиляпти.





