«Redtag» Ўзбекистон бозоридан чиқмоқда
Компания товарларни сотиб тугатиш акциясини бошлаган, дўконлари босқичма-босқич ёпилмоқда.
© yadex mapsМамлакатда масс-маркет йўналишидаги илк ва энг йирик чакана савдо тармоқларидан бири бўлган «Redtag» фаолиятини якунламоқда.
«Redtag» — Бирлашган Араб Амирликларининг машҳур чакана савдо брендларидан бири бўлиб, Дубайда жойлашган «BMA International» компаниясига тегишли. Компания 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Яқин Шарқ ва Осиёнинг қатор мамлакатларида ҳамёнбоп нархларда кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмларини сотади.
Бренд Ўзбекистон бозорига 2013 йилда кириб келган. Мамлакатда у «RTF FASHION RETAIL» МЧЖ орқали фаолият юритади. Компаниянинг 75 фоиз улуши Ҳошимов Комилга, қолган 25 фоизи эса Ҳошимов Зафарга тегишли.
«Redtag» франшизаси дастлаб «Корзинка» таркибида ривожланган. 2020 йилгача озиқ-овқат чакана савдоси ва «Redtag» тармоғи бир компания таркибида фаолият юритган. Кейинчалик инвестициялар жалб қилиниши муносабати билан бу икки йўналиш мустақил компанияларга ажратилган.
Бренд Ўзбекистон бозорида яхши танилган бўлса-да, уни бошқарувчи «RTF FASHION RETAIL» МЧЖ сўнгги олти йил давомида молиявий зарар билан фаолият юритган. Бу эса бозордаги машҳурлик ва юқори сотув ҳажми ҳар доим ҳам барқарор молиявий натижани таъминламаслигини кўрсатади.
Айни пайтда «Redtag» дўконларида товарларни тўлиқ сотиб тугатиш акциялари ўтказилмоқда. Компания ижтимоий тармоқларда ҳам йирик чегирмалар ҳақида эълонлар бериб, қолган маҳсулотларни сотиш жараёнини давом эттирмоқда.
Кейинги йилларда бир қатор хорижий компаниялар Ўзбекистон бозорини тарк этмоқда. Хусусан, Финландиянинг етказиб бериш хизмати «Wolt» 2026 йил 5 мартдан бошлаб мамлакатдаги фаолиятини якунлашини маълум қилган эди. Ундан аввал, 2025 йил ёзида Қозоғистоннинг йирик чакана савдо тармоғи «Magnum» ҳам Ўзбекистон бозорини тарк этганди.





