add

Тошкентнинг чанг ҳавоси сув сепиб тозаланмоқда

Кеча 14:231852 Дақиқа

Пойтахтда юқори чангланиш шароитида ҳаводаги PM зарраларини камайтириш мақсадида йўл қопламаларига сув сепилиб, яшил ҳудудларни суғориш ҳамда фавворалар ва микроиқлим қурилмаларини ишга тушириш бўйича махсус режим жорий этилди.

Тошкентнинг чанг ҳавоси сув сепиб тозаланмоқда

Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши камайтириш мақсадида йўл қопламаларига сув сепилиб, яшил ҳудудларни суғориш ҳамда фавворалар ва микроиқлим қурилмаларини ишга тушириш бўйича махсус режим жорий этилди. Би ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

Ҳокимлик маълумотига кўра, йўл қопламасини намлаш — бир неча соат ичида чанг концентрациясини пасайтирувчи энг самарали усуллардан бири ҳисобланади. Шу асосда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ободонлаштириш бошқармаси йўллар ва яқин ҳудудларни намлаш ишларини бошлаган.

Тадбир доирасида мавсум тугаганига қарамай, шаҳар бўйлаб фавворалар ва микроиқлим қурилмалари қайта ишга туширилган. Мутахассислар бу чоранинг илмий асосга эга эканини айтмоқда: йўл намланганида PM10 ва PM2.5 каби майда зарралар сув билан бирикиб, ҳавога қайта кўтарилмайди.

Шунингдек, автомобиллар ҳаракати натижасида юзага келадиган «иккиламчи чангланиш» ҳам сезиларли даражада камайиши таъкидланди. Халқаро тадқиқотларга кўра, шаҳарлардаги PM чиқиндиларининг 25–40 фоизи айнан шу жараён ҳиссасига тўғри келади. Йўлнинг намлиги эса бу кўрсаткични анча пасайтиради.

Намлаш жараёни микроиқлимни ҳам совитиб, ҳароратнинг кескин кўтарилишига йўл қўймайди. Ҳарорат юқори бўлган ҳолатда чанг ҳавода узоқ сақланиб, ифлослантирувчи моддалар реакциялари тезлашади. Йўллар ва яшил ҳудудларни намлаш орқали бу жараён секинлаштирилиб, заррачаларнинг тезроқ чўкиши таъминланади.

Мутахассислар яшил ҳудудларнинг суғорилиши нафақат парвариш, балки табиий фильтрларни қўллаб-қувватлаш эканини ҳам қайд этмоқда. Дарахт ва буталар ҳаводаги PM зарраларини барг орқали ушлаб қолади ва умумий ифлосланиш даражасини пасайтиради.

Тошкент ҳокимлиги маълумотига кўра, йўлларга сув сепиш муаммони тўлиқ ҳал қилмаса-да, бир неча соат ичида чанг қобиғини сезиларли тарзда камайтирувчи муҳим чора ҳисобланади. Бу жараён шаҳарда амалга оширилаётган кенг кўламли ифлосланишга қарши ишлар — иссиқхона хўжаликларидаги рейдлар, қозонхоналарга филтрлар ўрнатиш, экологик назоратни кучайтириш каби чора-тадбирлар билан уйғун равишда амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Тошкентда ҳаво сифати инсон саломатлиги учун ўта хавфли дарада бўлиб турибди.

Теглар

Мавзуга оид