add

«Деҳқончилик ва чорвачилик жар ёқасида» — Бахтиёр Абдуғафур

Vaqt.uz иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида меҳнат қилаётган мутахассисларга минбар очиб бермоқда. Илк чиқишда микробиолог олим ва адиб Бахтиёр Абдуғафур (Расулов)нинг фикрлари билан ўртоқлашмоқдамиз.

«Деҳқончилик ва чорвачилик жар ёқасида» — Бахтиёр Абдуғафур

Ишим сабаб кўп вилоятларга бораман. Соҳамга оид вазиятларни таҳлил қилишга ҳаракат қиламан. Ушбу постдаги фикрларим ўта шахсий.

Ҳудудларда деҳқончилик билан шуғулланаётганлар камайиб бормоқда.

Биринчидан, иккинчи экин етиштиришдаги сув муаммоси бўлса, иккинчидан, нархларнинг арзонлиги ва ҳаражатларнинг қопланмаслиги. Халқ учун деҳқончиликнинг иқтисодий жозибаси — манфаати камайди. Бозорларимизда айрим сабзавотларнинг ҳориждан келтирилаётгани шу билан изоҳланади. Сабаби, айни вақтда аксарият сабзавот маҳсулотлари халқ томонидан етиштирилади.

Айтайлик, бозорда бир кило сабзининг нарҳи қанча? Нега нархи кўтарилганига ҳеч қизиқиб кўрдингизми? 2-3 йил олдин сув текин бўлгани, ҳатто уйдаги мол-қўйларга берилгани эсингиздадир.

Бу ўта хавотирли жиҳатдир. Шу кетиш бўлса, оддий кундалик эҳтиёж маҳсулотларига бўлган талаб ҳам импорт ҳисобига қондирилиши эҳтимол. Яқин келажакда аста ошиб борадиган бундай талаб иқтисодга катта юклама беради.

Иккинчи хавотирли жиҳат — чорва. Йилдан йилга чорва миқдор жиҳатдан камайишни бошлаган. Биринчидан, яйловлар сифати тушиб, қисқараётгани, иккинчидан, касалликлар кенг ҳудудларга тарқалаётгани.

Ҳозирги ҳолатда яйловларни ривожлантириш эмас, балки борини сақлаб қолиш ўта долзарб вазифадир. Айниқса, ўсимлик турлари, популяциялари ва ареалларини сақлаш муҳим тадбирга айланиши вазият тақозоси. Яқин-яқингача ёввойи, ўз ҳолича яшаб кўпаядиган ўсимликлар ҳақида қайғуришни хаёлимга ҳам келтирмасдим. Қарангки, вазият жиддийлашиб, тасаввурларни ўзгартиришни талаб этмоқда. Масалан, янтоқ. Шу беозор ўсимлик ҳам қирилишга тушган, энди унинг уруғчилиги ҳақида бош қотириш керакка ўхшайди.

Ҳар қандай расмий баёнотлар берилгани билан ҳақиқий аҳволни бозор — иқтисод кўрсатиб беради. Бугун бир кило гўштнинг нархи қанча? Эслаб олдингиз-а?

Бу масалаларнинг ечимлари бор. Биз неча йиллардан бери илмий асосларини яратиш билан шуғулланамиз. Олимлар, мутахассислар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш лозим. Бизга беш йиллик, ўн йиллик, йигирма беш йиллик режалар керак. Иқлим жиддий суръатларда ўзгаряпти. Ёмғирларнинг тортилгани, ҳароратнинг юқорилиги денгиздан томчи. Ёмон томонларини — ёмон сценарийларни ёзмадим. Унгача иш бормаслигини Худодан сўраб қоламан.

Биринчи жумлани қайта ёзиб қўяман: бу шахсий фикрим.

Бахтиёр Абдуғафур.

Теглар

Мавзуга оид