
Дунёда миллионерлар энг кўп жамланган давлатлар маълум қилинди
World Population Review нашри дунё бўйича энг кўп миллионерларга эга мамлакатлар рўйхатини эълон қилди.

World Population Review нашри дунёда миллионерлар энг кўп жамланган давлатлар маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, Швейсария катта ёшли аҳолининг 16,45 фоизи камида бир миллион долларлик соф активларга эга бўлиб, миллионерларнинг аҳоли сонидаги улуши бўйича дунёда биринчи ўринда турибди. Бу кўрсаткич мамлакатнинг глобал молиявий марказ сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Швейсариядан кейинги ўринларда Люксембург ва Ҳонконг келади. Ушбу давлатларда аҳоли жон бошига бойлик даражаси юқори бўлиб, шахсий капиталнинг катта қисми юқори қийматли активлар ва ривожланган молия бозорларига тўпланган.
Умумий ҳисобда эса АҚШ миллионерлар сони бўйича ҳеч кимга ўрин бермаяпти — мамлакатда 22 миллиондан ортиқ миллионер мавжуд. Иккинчи ўрин 6,3 миллион миллионерга эга Хитойга тегишли. Франция, Япония ва Германия ҳам 2,7–2,9 миллион атрофида миллионерлар ҳисоби билан етакчи бешликка кирган.
Шунга қарамай, аҳоли сони катта бўлган мазкур давлатларда миллионерлар улуши Швейсария ёки Люксембург каби кичик молиявий марказларга нисбатан паст. Таҳлилчилар бу ҳолатни юксак иқтисодий ривожланишга эга жойларда активлар юқори қийматга эга бўлиши, валюта курслари ва яшаш қиймати билан изоҳлашмоқда.
Рўйхатнинг пастки қисмида ривожланаётган мамлакатлар, хусусан Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка, Жанубий Осиё ва Марказий Американинг бир қисми бор. Бу ҳудудларда миллионерлар улуши деярли 0 фоизни ташкил этади. Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистон киритилган, Ўзбекистон эса рўйхатда йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Visual Capitalist» нашри Халқаро валюта жамғармасининг 2025 йилги маълумотларига таяниб, аҳоли жон бошига энг катта иқтисодий даромадга эга мамлакатлар рўйхатини эълон қилган эди.





