Ташановга кўра, Ҳарбий суд ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Ғайратулло Ёзиевни 15 йилга, у билан бирга судланган хизматнинг яна олти нафар полковнигини эса 15 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум қилган.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раисининг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Ғайратулло Ёзиев 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли, «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Ташановга кўра, 2024 йилнинг декабридан 2026 йилнинг мартига қадар Хизматнинг Шахсий хавфсизлик бошқармасига раҳбарлик қилган Ғайратулло Ёзиев Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ҳамда ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги билан айбли деб топилган.
Ҳуқуқбоннинг ёзишича, Ғайратулло Ёзиев бошчилигидаги жиноий гуруҳ иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси томонидан тергов қилинган. Судланувчилар шу йилнинг баҳорида ҳибсга олинган.
Ташановга кўра, мазкур иш доирасида ДХХнинг яна бир қатор собиқ мансабдор шахслари: хусусан, ДХХ раисининг собиқ ўринбосари, полковник Алижон Ашуров товламачилик, суд ишларига аралашиш ва пора олиш айблови билан 17 йилга, ДХХ бошқарма бошлиғи, полковник Музаффар Нурбоев эса ҳужжатларни қалбакилаштириш, қийноққа солиш, суд ишларига аралашиш ва талон-тарожлик айблови билан 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Шунингдек, полковник Темур Шорисқиев ва полковник Гончар Узоқов товламачилик, суд ишларига аралашиш ва пора олиш айби билан 16,5 йилга, полковник Суҳроб Сайфитдинов 16 йилга, полковник О. Абдуллаев эса 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жиноий гуруҳ аъзолари Валиев, Ўроқов, Бойсариев ва Шокировларга нисбатан озодликни чеклаш, жарима ва ахлоқ тузатиш ишлари жазолари тайинланган.
Ҳуқуқбоннинг қайд этишича, Ашуров, Сайфитдинов, Узоқов ва Шорисқиевларга оид «Корея иши» доирасидаги 90 миллион долларлик бошқа жиноят иши бўйича шу йилнинг 17 сентябрида Бектемир тумани суди узоқ йиллик қамоқ жазоларини эълон қилган. Ташановга кўра, процессуал қонунчиликка мувофиқ мазкур шахсларга нисбатан белгиланган жазолар қўшилса, уларнинг қамоқ муддати янада узайиши мумкин.