add

Электрнинг ўзгарадиган нархлари, Нархи ошган бозорлардаги «парковка» ва АҚШ санкциясига учраган Ўзбекистон компанияси — 20 ноябр дайжести

20.11.2025 | 22:255073 Дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Электрнинг ўзгарадиган нархлари, Нархи ошган бозорлардаги «парковка» ва АҚШ санкциясига учраган Ўзбекистон компанияси — 20 ноябр дайжести

Электр нархи энди «соатга қараб ўйнайди»: тиғиз пайтда қиммат, тунда арзон!

Ўзбекистонда I-тариф гуруҳига кирувчи истеъмолчилар учун электр энергияси нархи куннинг турли вақт оралиғига қараб уч хил ставкада қўлланиши белгиланди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси маълум қилди.

Қайд этилишича, электр энергиясидан қайси вақт оралиғида фойдаланилганига қараб нарх ўзгаради. Бунда:

Ярим тиғиз давр — сутканинг ёруғ вақти (соат 9-00 дан 17-00 гача белгиланган оддий тариф бўйича);

Тиғиз давр — эрталабки ва кечки максимум (ягона электр энергетика тизимининг максимал юкламалар соатлари соат 6-00 дан 9-00 гача ва соат 17-00 дан 22-00 гача белгиланган тарифдан 1,5 баравар юқори);

Тунги давр — сутканинг қоронғи даври (ягона электр энергетика тизимининг минимал юкламалар соатлари соат 22-00 дан 24-00 гача ва соат 00-00 дан 06-00 гача белгиланган тарифдан 1,5 баравар арзон).

Давлат корхоналарида «ревизия»: бошқарувда тозалаш бўлади

Президентнинг янги фармойиши давлат корхоналарида бошқарув тизимини тубдан қайта кўриб чиқишни бошлаб, ортиқча лавозимларни қисқартириш ва харажатларни камайтиришга қаратилган ревизия жараёнини йўлга қўйди.

Ўзбекистонда давлат корхоналари бошқарув ходимлари сони 10 фоизгача қисқартирилади. Бу президентнинг 18 ноябрдаги фармойишида кўзда тутилган.

Фармойишга кўра, давлат корхоналарида таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилмоқда. Унга икки ой муддатда давлат корхоналари бошқарув ходимлари сонини 10 фоизгача қисқартириш юзасидан Президент администрациясига таклиф киритиш топширилди.

Бозорлардаги автотураргоҳлар нархи дам олиш кунлари қимматлашади

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 18 ноябрдаги қарорига мувофиқ, пойтахт бозорлари ва савдо мажмуаларидаги автотураргоҳлар нархлари дам олиш кунлари оширилиши белгиланган эди.

Ҳокимлик маълумотига кўра, «Муниципал активларни бошқариш» давлат унитар корхонаси автотураргоҳларда машиналарнинг ҳақиқий туриш вақтларини ўрганган. Таҳлиллар кўпчилик харидорнинг бозордаги ҳаракатлари учун икки соатгача вақт етарли эканини кўрсатган. Шу боис дастлабки икки соатлик тўлов миқдори ўзгармаган ва оддий ташриф буюрувчилар учун қулайлик сақлаб қолинган.

Икки соатдан ортиқ туриш, одатда, бозор ходимлари, тадбиркорлар ва фаолияти бозор ёки унга туташ ҳудудда боғланган шахсларга тегишли экани таъкидланди. Янгиланган тарифлар айнан шу тоифага кўпроқ таъсир қилиши, харидорларнинг кундалик харажатларига салбий таъсир кўрсатмаслиги айтилди.

Ўзбекистон компанияси АҚШнинг иккиламчи санкциясига дучор бўлди

АҚШ Молия вазирлиги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Унга Ўзбекистоннинг «Datavice» компанияси ва унинг раҳбари россиялик Максим Макаров киритилди.

Маълум қилинишича, компания ҳам, Макаров ҳам кибержиноий гуруҳларни инфратузилма билан таъминловчи AEZA Group хостинг-провайдерига алоқадор эканлиги тахмин қилинмоқда.

«Datavice» МЧЖ 2025 йил июлда Тошкентда рўйхатдан ўтказилган. iHamkor маълумотларига кўра, унинг таъсисчиси, раҳбари ва бош бухгалтери Максим Макаров ҳисобланади. Компаниянинг устав фонди миқдори 24 миллион сўмни ташкил этади ва 31 июлдан бошлаб IT Парк резиденти.

Бироқ, OrgInfo маълумотларига кўра, 21 июл ҳолатига компания раҳбари сифатида Рустам Очилов кўрсатилган.

Пойтахтда ҳаво сифати инсон саломатлиги учун ўта хавфли даражага чиқди

Тошкентда ҳаво сифати яна кескин ёмонлашди. Ўзгидрометнинг автоматлаштирилган мониторинг станциялари қайд этишича, 20 ноябр куни соат 09:00 ҳолатида Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 202 mkg/m3 ни ташкил этмоқда. Бу рухсат этилган меъёрлардан (60 mkg/m3) 3.4 марта юқори.

IQAir порталида ҳам Тошкентдаги ҳаво сифати инсон саломатлиги учун ўта хавфли даражадаги кўрсаткичда турибди.

Ўзгидромет ҳаво ифлосланишини: «Кўрсаткичларнинг ошишига ҳарорат ўзгариши ҳам сабаб бўлган. Ҳароратнинг кескин ўзгариши инверсия жараёнини келтириб чиқаради, бу эса майда заррачаларнинг тўпланишига ва атмосфера ҳавосидаги контсентратсиясининг ошишига олиб келади», — дея изоҳламоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Электрнинг ўзгарадиган нархлари, Нархи ошган бозорлардаги «парковка» ва АҚШ санкциясига учраган Ўзбекистон компанияси — 20 ноябр дайжести | Vaqt.uz