add

Энди ўзбекистонликлар Японияда қурилиш соҳасида ишлаши мумкин — Миграция агентлиги

Қурилиш соҳасида ишлашни хоҳловчи номзодлар бепул ўқув курсларда ўқиб, Японияда ишлаши мумкин.

Энди ўзбекистонликлар Японияда қурилиш соҳасида ишлаши мумкин — Миграция агентлиги

Миграция агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Япониянинг қурилиш соҳасида ишлаш имкониятига эга бўлади. Бу имконият икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ташкил этилган махсус ўқув дастури орқали амалга оширилади.

Май ойида агентлик раҳбариятининг Токио шаҳрига ташрифи чоғида Proud Partners компанияси билан келишувга эришилгани хабар қилинган эди. Унга кўра, Ўзбекистонда номзодлар япон тили ва касбий тайёргарлик бўйича ўқитилиб, кейин Япониядаги қурилиш объектларига ишга йўналтирилади. Келишув доирасида сентябрда Тошкентда лойиҳанинг рамзий очилиши ўтказилган.

Шу йил кузида В–С тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга ва Японияда ишлаш истагини билдирган 200 дан ортиқ номзод учун биринчи танловлар ташкил этилган. Келгусида қурилиш йўналиши бўйича ариза топширган 700 нафар номзод учун 15 декабрдан онлайн танловлар ўтказиш режалаштирилган.

Танловдан муваффақиятли ўтганлар Ангрен шаҳридаги 2-сон техникум ҳузуридаги Қурилиш соҳаси малакали мутaxассисларни тайёрлаш марказида 6–8 ой давомида бепул ўқитилади. Улар ўқиш даврида бепул ётоқхона билан таъминланади. Дастурни муваффақиятли тугатганлар Японияда меҳнат фаолиятини бошлайди.

Агентлик танлов якунлари ва ўқиш бошланиш санаси ҳақидаги маълумотни 20 декабрга қадар эълон қилишини билдирган.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Саудия меҳнат миграциясида янги келишув орқали ўзбекистонлик ўрта тиббиёт ходимларини Саудия Арабистонида қонуний ва хавфсиз шартларда ишга жойлашиш имкониятига эга бўлган эди.

Теглар

Мавзуга оид