add

Энергетик нобарқарорлик бизнес фаолиятини чекламоқда

Бугун 15:162612 дақиқа

Марказий банк эълон қилган навбатдаги шарҳга кўра, энергия таъминотидаги узилишлар Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти тўхтаб қолишининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Энергетик нобарқарорлик бизнес фаолиятини чекламоқда

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки навбатдаги Бизнес кайфияти шарҳини эълон қилди. Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг учинчи чорагида мамлакат бўйлаб бизнес кайфияти ижобий динамикада сақланди. Ҳудудларда ўтказилган сўровларда иштирок этган тадбиркорларнинг 62 фоизи жорий бизнес шароити ўтган чоракка нисбатан яхшиланганини қайд этган.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 57 фоиз бўлгани, сўнгги икки йил давомида эса ўртача 50 фоиздан юқори даражада сақланиб келаётгани иқтисодий ислоҳотларнинг бизнес муҳитига ижобий таъсирини акс эттиради.

Тадбиркорлар бизнес муҳитидаги ижобий ўзгаришларни, аввало, банк хизматлари сифати яхшилангани, кредит олиш имкониятлари кенгайгани, рақобат муҳити кучайгани, лицензиялаш жараёнлари соддалашгани ҳамда маъмурий аралашувлар камайгани билан изоҳламоқда. Қатор ҳудудларда йўл инфратузилмаси бўйича ҳам ижобий силжишлар қайд этилган.

Шу билан бирга, солиқ маъмурчилиги, божхона тарифлари ва энергетика таъминоти соҳаларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган. Айнан энергия таъминотидаги муаммолар тадбиркорлар томонидан энг оғриқли масалалардан бири сифатида тилга олинмоқда. Газ ва электр узилишлари, шунингдек, автомобиль ёқилғиси нархларининг ўсиши корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлашини чекламоқда.

Сўров натижаларига кўра, энергия таъминотидаги узилишлар, айланма маблағлар етишмаслиги, ички талабнинг заифлиги, солиқ тизимидаги мураккабликлар ва ижара харажатларининг юқорилиги бизнес фаолияти тўхтаб қолишининг асосий сабаблари сифатида қайд этилган. Бу ҳолат Тошкентдан Қорақалпоғистонгача бўлган барча ҳудудларда деярли бир хил даражада кузатилмоқда.

Ҳудудлар кесимида Фарғона водийсида бизнес кайфияти энг юқори даражада баҳоланган бўлса, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида барқарор ижобий ҳолат сақланган. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида эса энергия узилишлари ва солиқ тизимидаги қийинчиликлар ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни пасайтирган.

Умуман олганда, тадбиркорларнинг 69 фоизи келгуси уч йилда макроиқтисодий вазият яхшиланишига ишонч билдирган. Бироқ сўнгги йилларда айниқса қиш-куз мавсумларида кучайган энергетик узилишларнинг иқтисодиётга етказаётган аниқ зарари ва иқтисодий ўсиш суръатларини қай даражада пасайтираётгани бўйича ҳозирча на расмий, на мустақил ҳисоб-китоблар мавжуд эмас.

Шу боис энергетик барқарорлик масаласи бизнес муҳитини янада яхшилашда ҳал қилувчи омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Теглар

Мавзуга оид