
Энг кўп нодир ер элементлари захираси қайси давлатларда йиғилган?
Нодир ер элементлари — 17 та металлдан иборат бўлган, замонавий технологиянинг асосий таянчи саналадиган стратегик ресурсдир. Улар электромобиллар, шамол турбиналари, смартфонлар, юқори аниқликдаги навигация ва ҳарбий тизимлар ишлаши учун зарур хомашё ҳисобланади.

Нодир ер элементлари бугунги юқори технологияли саноатнинг энг муҳим пойдеворидан биридир. Уларсиз электромобиллар, замонавий шамол турбиналари, смартфонлар, аниқ навигация тизимлари ва кўплаб ҳарбий-техник ускуналар тўлиқ қувватда ишламайди. Периодик жадвалдаги 17 та металлдан таркиб топган бу ресурслар табиатда ёки жуда тарқоқ ҳолда учрайди, ёки уларни ажратиб олиш қийин технологик жараёнларни талаб қилади. Шу боис нодир ер элементлари геосиёсий рақобатнинг марказида турган стратегик хомашёга айланган.
АҚШ Геология хизмати (UCGC) маълумотлари асосида Visual Capitalist тайёрлаган инфографика эса бу ресурслар жаҳонда қай даражада номутаносиб тақсимланганини яққол кўрсатади.

USGS маълумотлари дунёдаги нодир ер элементларининг асосий қисми фақат бир нечта давлат қўлида жамланганини, бу эса технология бозоридаги кучлар асосий мувозанатни белгилаётганини кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, Хитой Халқ Республикаси 44 миллион тонна нодир ер элементлари билан мутлақ етакчи ҳисобланади. Бу жами 91,9 миллион тоннани ташкил этувчи жаҳон захираларининг тахминан ярмига тўғри келади. Мамлакатнинг бу соҳадаги улкан устунлиги глобал технология занжирларида Хитой таъсирининг нақадар кучли эканлигини изоҳлайди.

Бразилия 21 миллион тонна ресурс билан иккинчи ўринда турибди. У ердаги катта конларнинг кўп қисми ҳали ўзлаштиришнинг дастлабки босқичларида бўлгани ҳолда, келгусида мамлакатнинг бозордаги улуши яна ҳам ортиши мумкин. Бу эса нодир ер элементлари бўйича халқаро рақобатни кучайтириш эҳтимолини оширади.

Учинчи ўринда эса Ҳиндистон 6,9 миллион тонна захира билан турибди, кейинги ўринларни Австралия (тахминан 5,7 миллион тонна), Россия (3,8 миллион тонна) ва Ветнам (3,5 миллион тонна) давлатлари эгаллаган.


Ушбу олти давлатнинг ўзи жаҳондаги маълум захираларнинг қарийб бешдан тўрт қисмини назорат қилади, бу эса ресурслар географиясидаги кучлар мувозанатини янада аниқлаштиради.
Еттинчи ўриндаги АҚШ эса бор-йўғи 1,9 миллион тонна, яъни дунёнинг 2 фоиз захираларига эга. Бу мамлакатнинг нодир ер элементлари бўйича хорижий таъминловчиларга кучли боғлиқлигини кўрсатади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Трамп маъмурияти сўнгги ойларда ички кончилик лойиҳаларини молиялаштириш, рухсат бериш жараёнларини соддалаштириш ва иттифоқчи мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш орқали Хитой импортига қарамликни камайтиришни асосий вазифалардан бири сифатида белгилаган.

Дания Қироллининг автоном ҳудуди Гренландия 1,5 миллион тоннага яқин ноёб ер элементлари билан саккизинчи ўринда турибди.
Тахминан 890 000 тонна захирага эга Танзания эса рўйхатдан тўққизинчи ўринни эгаллаган. Танзанияда қазиб олиш дастлабки босқичда бўлса-да, мамлакатдаги ресурсларнинг кўплиги келажакдаги ривожланиш учун катта имкониятлар яратади.

Кучли ўнталикни тахминан 860 000 тонна захиралари билан Жанубий Африка якунлаган.
Ўрта Осиёдаги Нодир элементларнинг деярли барчаси таркиби мураккаб маъданларда учрайди. Ўзбекистонда ҳам нодир ер элементлари бўйича сезиларли салоҳият мавжуд. Мамлакат ҳудудида бу турдаги минералларнинг бир қанча турлари аниқланган бўлиб, уларнинг асосий қисми ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва саноат миқёсида ўзлаштирилмаган. Ангрен конидан қазиб олинадиган кўмир таркибида галлий, германий, ванадий, молибден, рений элементлари мавжуд. Олмалиқдаги «Қалмоққир» металл конидаги маъдан таркибида эса молибден, рений каби Нодир элементлар учрайди. Бу элементлар жуда оз миқдорда бўлганлиги сабабли уларни бойитиш ва ажратиб олишнинг самарали усуллари ва технологиялари ҳозирча ишлаб чиқилмаган. «Қизилқумнодирметаллолтин» концернига қарашли ҳудудларда уран ва бошқа актиноид элементлар бор. Айни вақтда саноат миқёсида фақат уран бирикмалари ажратиб олинади.

Маълумот учун: нодир ер элементлари кимё фанининг алоҳида гуруҳини ташкил этиб, Менделеев даврий жадвалидаги иттрий (Й), лантан (Ла) ва 14 та лантаноид элементларини ўз ичига олади. Айрим ҳолларда скандий (Сc) ҳам шу гуруҳ таркибига киритилади. Уларнинг табиатдаги ўзига хослиги шундаки, бу элементлар одатда бирга учрайди ва кимёвий хоссалари ҳам жуда ўхшаш. Кўпчилиги кумушсимон оқ металл бўлиб, ҳаводаги кислород таъсирида тезда оксид қатлами ҳосил қилиб, юзаси қорайиб боради. Нодир ер элементлари асосан икки гуруҳчада жамланади: церий гуруҳчаси (Lа, Ce, Pr, Nd, Sm, Eu) ва иттрий гуруҳчаси (Y, Gd, Tb, Dy, Ho, Er, Tm, Yb, Lu). Уларнинг айнан шундай химиявий ўхшашлиги индустрияда ажратиб олиш ва бойитиш жараёнларини мураккаб ва қимматга туширувчи асосий омиллардан биридир.
Рухсора Жовлиева тайёрлади
Теглар






