Эрон: Ҳўрмуз бўғози тўлиқ назорат остида
Трампнинг маълум қилишича, АҚШ ҳарбий-денгиз флоти Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган тижорий кемаларни ҳимоя қилади. Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси эса бу бўғозни тўлиқ назорат қилаётганини айтмоқда.

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси нефт ва газ ташишда муҳим бўлган Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ назорат қилаётганини эълон қилди.
«Ҳозирда Ҳўрмуз бўғози Ислом Республикаси ҳарбий-денгиз флоти тўлиқ назоратида», – деди Эрон денгиз кучлари вакили Муҳаммад Акбарзода «Fars» ахборот агентлигида эълон қилинган баёнотида.
Унинг таъкидлашича, бу йўл орқали ўтадиган ҳар қандай кемалар Эрон ракета ёки дрон ҳужумига учраш хавфига дуч келади.
Трамп: АҚШ ҳарбий-денгиз флоти танкерларни ҳимоя қилади
АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ Форс кўрфазидаги муҳим йўлдан ўтадиган нефт танкерларини АҚШ флоти ҳимоя қилишга тайёр эканини маълум қилган.
«Зарур бўлса, АҚШ флоти танкерларни Ҳўрмуз бўғози орқали энг тез йўл билан қўллаб-қувватлайди»,– деб ёзган у «Truth Social»да 3-мартда.
Шунингдек, у АҚШ Халқаро ривожланиш молия корпорацияси томонидан Форс кўрфази минтақасидаги барча тижорий кемаларни суғурта ва кафолат билан таъминлаш топшириқлари берилганини билдирган. Бу нефт танкерлари ҳамда бошқа савдо кемаларини муҳофаза қилиш учун қилинади.
АҚШ ҳарбийлари маълумоти
АҚШ ҳарбийлари Эронга қарши уруш бошланганидан бери 17 та Эрон кемасини, шу жумладан бир сувости кемасини йўқ қилган ва мамлакат ҳудудида тахминан 2000 та нишонни нобуд қилганини хабар қилишди.
«Бугунги кунда Форс кўрфази, Ҳўрмуз бўғози ва Уммон кўрфазида бирорта ҳам Эрон кемаси йўқ», – деди АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари Брэд Купер.
Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси
Исроил ва АҚШ 28 феврал куни Эрон ҳудудига зарба беришни бошлади. Трамп Эроннинг ядро дастурини йўқ қилиш ниятида эканини билдирди ва Эрон армиясини қуролни ташлашга, аҳоли эса «тақдирини ўз қўлига олишга» чақирди.
Ҳужумлар натижасида мамлакатда камида 787 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди. Эрон Қизил Яримой жамияти маълумотларига кўра, олий раҳнамо Али Хоманаий ва бир қатор юқори даражали ҳарбийлар ҳалок бўлди. Эрон жавобан Исроил ва Форс кўрфази давлатларига зарба берди, бу ҳудудларда ҳам қурбонлар бор. Теҳрон таъкидламоқда, у араб давлатлари билан урушмай, фақат АҚШ ҳарбий базаларига зарба бермоқда.
Ҳўрмуз бўғози ва нархлар
Исроил ва АҚШ бошлаган уруш нефт ва газ нархларининг кескин ошиб кетишига сабаб бўлди. Эрон ҳудудига зарба берилгандан кейин Ҳўрмуз бўғозида ташиш тўхтатилган – бу йўл жаҳон нефти етказиб беришининг тахминан 20 фоизи ва суюлтирилган табиий газнинг 30 фоизиини ташкил қилади.
«Reuters» маълумотига кўра, Теҳроннинг қарори натижасида камига 150 та нефт танкери бўғоз яқинида тўпланган. Танкерлар тўлиқ ўтказилмаслиги кунига 10 млн баррел етказиб беришда дефицитга олиб келиши мумкин, бу жаҳон истеъмолининг 10 фоизини ташкил этади, деб ҳисоблайди таҳлилчилар.





