
Эрондаги норозиликлар: сиёсат эмас, касодга учраган иқтисодиёт омили
Миллий валютанинг қадрсизланиши ва инфляциянинг жиловлаб бўлмас даражада ўсиши фонида, иқтисодий инқироз норозилик чиқишларини мафкуравий чегаралардан олиб чиқиб, тирикчилик учун курашга айлантирмоқда.

Шу ҳафта Теҳрон марказида ўз дўконларини ёпган савдогарлар сиёсий баёнот бериш мақсадини кўзлашмаган эди. Улар шунчаки аччиқ ҳақиқатга — иқтисодиётнинг тўхтаб қолганига муносабат билдиришди.
Риалнинг қадрсизланиши ва тинимсиз инфляция кундалик тижоратни деярли имконсиз қилиб қўйди. Нарх белгилашнинг иложи йўқ, маҳсулот захирасини тўлдириш қийин, ҳар қандай оддий олди-сотди эса зарар келтириш хавфини туғдирмоқда. Бундай шароитда норозилик мафкуравий мазмунини йўқотиб, яшаб қолиш масаласига айланади. Ушбу ҳолат 28 декабр куни яққол намоён бўлди.
Валюта курси пасайиб, турғунлик чуқурлашгани сари, Жомҳури ва Ҳофиз кўчаларидаги савдо расталари, шунингдек, «Чарсу» ва «Алаеддин» каби йирик савдо марказлари фаолиятини тўхтатди. Шуш ҳудудида ҳам шундай ҳолат кузатилди: мобил алоқа воситалари ва металл бозорларидаги тадбиркорлар иқтисодий беқарорлик туфайли ишни давом эттириш мантиқсиз бўлиб қолганини айтиб, дўконларини бутунлай ёпиб қўйишди.
Душанба кунига келиб, норозиликлар кўлами кенгайиб, Истанбул майдонигача етиб борди. Бу шунчаки маҳаллий тартибсизлик эмас, балки иқтисодий тўйганлик даражасининг кенг қамровли ифодасидир.
Бунинг сабаби кундек равшан: Эрон валютаси тарихий паст даражага тушди. Бир доллар қарийб 1 445 000 риалга чиқди — ҳолбуки бир кун аввал у 1 370 000, бир ой олдин эса 1 140 000 атрофида эди. Тадбиркорлар учун бундай ўзгарувчанлик нафақат даромаднинг камайиши, балки бозордаги барча ҳисоб-китоб ва режаларнинг барбод бўлишини англатади.
Намойишлар давомида «Қўрқманг, биз биргамиз!» каби таниш шиорлар янгради. Бу шиорлар намойишларни сиёсий ҳаракатга айлантириб юбормаса-да, одамлардаги ички ғазабнинг дўконлардан кўчаларга тошиб чиққанини ва якка тартибдаги норозилик жамоавий ҳаракатга айланганини кўрсатди.
Муҳтожликдан тизимли инқирозгача
Бу намойишлар, энг аввало, иштирокчилар таркиби билан аҳамиятлидир. Бозор ва кичик бизнес вакиллари ҳукуматга мухолиф бўлган чекка гуруҳлар эмас, балки Эрон ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг асосий устунларидир. Тарихан уларнинг кайфияти давлатдаги тизимли инқирознинг асосий кўрсаткичи бўлиб келган.
Агар бу қатлам иқтисодий фаолиятни тўхтатса, демак, муаммо шунчаки қийинчилик босқичидан ўтиб, тизимнинг мутлақ ишдан чиқиш босқичига етган. Эроннинг иқтисодий дарди эски ва сурункали: кўп йиллик юқори инфляция, аҳоли харид қобилиятининг кескин пасайиши ва санкциялар туфайли чекланган ўсиш.
Шу билан бирга, расмийлар бюджет танқислиги сабабли иш ҳақини нархлар ўсишига мос равишда ошира олмасликларини тан олишмоқда. Оқибатда аҳолининг турмуш даражаси мунтазам равишда пасайиб бормоқда. Иқтисодий босим энди фақат маълум гуруҳларга таъсир қилмайди. Ходимлар, савдогарлар, нафақахўрлар ва норасмий секторда банд бўлганлар барчаси бир хил муаммоларга дуч келмоқдалар: валюта беқарорлиги, харид қобилиятининг пасайиши ва ноаниқ келажак. Бу иқтисодий босим сўнгги йиллардаги аввалги миллий тартибсизликлар билан ҳам боғлиқ. Гарчи бу норозилик намойишлари бостирилган бўлса-да, асосий муаммолар ҳеч қачон ҳал қилинмаган.
Норозиликларни жиловлаш — муаммонинг асл ечими дегани эмас. Очиқ норозиликларни бостиришга қаратилган чоралар миллий валютани барқарорлаштиришга, аҳолининг харид қобилиятини тиклашга ёки кундалик иқтисодий ҳаётга бўлган ишончни қайтаришга қодир эмас.
Бундай тор доирадаги имкониятлар ҳукумат учун вариантларни камайтириб юбормоқда. Агар иқтисодий беқарорлик давом этса, намойишлар катта эҳтимол билан яна қайталанади — аммо энди улар ягона умумиллий ҳаракат эмас, балки алоҳида тармоқлардаги кетма-кет портлашлар кўринишида бўлади. Ҳар бир намойишни алоҳида назорат қилиш мумкиндир, лекин уларнинг умумий миқдори давлат бошқаруви учун харажат ва босимни кескин ошириб юборади.
Ташқи омиллар
Ички босим кучайганда, давлатлар кўпинча халқ норозилигини ташқи кучларга йўналтиришга уринадилар — диққатни ташқи таҳдидларга қаратиб, содир бўлаётган воқеаларда чет эл агентларини айблайдилар. Эрон ҳолатида бу мантиқ жуда муҳим, чунки мамлакат иқтисодиётининг оёққа туриши бевосита ташқи шароитларга боғлиқ.
Ташқи босим Эроннинг иқтисодий имкониятларини сезиларли даражада чеклаб қўйди. Сентябр ойи охирида Европа Иттифоқи БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Эрон ядро дастури бўйича чекловлари қайта тиклангани сабабли кенг кўламли иқтисодий ва молиявий санкцияларни яна жорий қилди.
Бу қадамлар нефт экспортига чекловларни қайтарди, Эрон Марказий банки ва йирик тижорат банклари активларини музлатиб қўйди, шунингдек, мамлакатнинг Европа молиявий ва савдо тармоқларига чиқишини янада чеклади. Шу билан бирга, АҚШ Эроннинг энергетика, молия, кемасозлик ва саноат тармоқларига қарши кенг қамровли санкцияларни қўллашда давом этмоқда.
Бу чекловларнинг барчаси хорижий валюта оқимини камайтирди, савдо ва инвестицияларни чеклади ва Эроннинг халқаро банк тизимларидан узилишига олиб келди. Узоқ йиллик инфляция ва турғунликдан заифлашган иқтисодиёт учун бундай босим кичик бизнес ва уй хўжаликлари учун оғир юк бўлиб тушди.
Расмий Теҳроннинг нутқида бу ҳолат аллақачон сезилмоқда. Эрон раҳбарияти иқтисодий қийинчиликларни ички бошқарувдаги хатолар эмас, балки ташқи тўқнашувларнинг натижаси сифатида тақдим этмоқда. Санкциялар ва турмуш даражасининг пасайиши «иқтисодий уруш» элементлари сифатида таърифланмоқда.
Стратегик танлов қаршисида
Бундай шароитда раҳбарият стратегик танлов олдида турибди:
— Ташқи мулоқот: Биринчи навбатда АҚШ билан санкцияларни юмшатиш ва иқтисодий каналларни тиклаш бўйича келишувга эришиш. Нефт даромадлари ва халқаро молия тизимига йўл очилмасдан туриб, иқтисодиётни барқарорлаштиришнинг имкони йўқ.
— Ички жиловлаш: Президент Масъуд Пезешкиан намойишчиларнинг «қонуний талабларини» тан олиб, аҳолининг харид қобилиятини ҳимоя қилишга ваъда берди.
Бироқ, бошқа давлат институтлари қаттиқроқ позицияда. Эрон Инқилобий Гвардияси (SEPAH) намойишларнинг иккинчи кунидаёқ «фитна» ва «тартибсизликлар»га қарши кескин чора кўрилишидан огоҳлантирди. Суд тизими ҳам иқтисодиётга путур етказувчиларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўришини билдирди.
Бугун Эрон кўчаларига чиқаётган одамлар тизимнинг энг заиф нуқтаси — иқтисодиётни кун тартибига қўймоқдалар. Агар вазият яхшиланмаса, иқтисодий заминда бошланган намойишлар вақт ўтиши билан ўз оҳангини ўзгартириб, давлат бошқаруви ва сиёсий тизимга оид кенгроқ талабларга айланиб кетиши мумкин.





