add

Фонд бозори: кичик инвесторлар бозорга кирди, ликвидлик эса ёмонлашди

Ўзбекистон фонд бозори 2025 йилнинг учинчи чорагида янги босқичга ўтди, кичик инвесторлар сони ошди, индекслар ўсди, лекин умумий савдо ҳажми 85 фоизга қисқарди. Яъни, бозор кенгайди, аммо ликвидлик камайди.

Фонд бозори: кичик инвесторлар бозорга кирди, ликвидлик эса ёмонлашди

Сентябр ойида битимлар сони ошган бўлса-да, ҳажм кескин камайди. Бу кичик инвесторлар кирганини, лекин йирик капитал эгалари эҳтиёткорлик билан четда турганини кўрсатади. Кўпчилик янги иштирокчилар қисқа муддатли дивиденд ёки 27–29 фоизлик даромад таклиф қилувчи облигацияларга йўналгани сезилмоқда.

Йирик инвесторлар эса юқори фоиз ставкалари ва паст ликвидлик сабаб узоқ муддатли позицияларни чўзмоқда. Бу аслида, бозор «кенгайган», аммо ҳали «чуқурлашмаган» деган маънони англатади.

 

«FoP Board 85%» оддий инвестор учун нимани англатади?

Бу аввало, битимларнинг асосий қисми катта пул ўтказмаларисиз амалга ошаётганини билдиради. Яъни, йирик институционал инвесторлар ҳозирча бозорга фаол киришмаган. Натижада, кўплаб нархлар реал ликвидликни тўлиқ акс эттирмаяпти, айрим акциялар нархи барқарор кўринса-да, бу ҳар доим ҳам ҳақиқий талаб ва таклиф мувозанатини ифодаламайди.

Бундан ташқари, кечиктирилган тўлов тизими (Т+) амалиёти кенг қўлланилаётгани сабабли, маблағларни қайтариб олиш жараёни секинлашмоқда. Бу эса бозор техник жиҳатдан фаол бўлса-да, реал ликвидлик паст эканини англатади.

Сўнгги чоракларда бозорга кичик инвесторлар фаол кириб келди. Бироқ, уларнинг қарорлари кўпинча қисқа муддатли кайфият ва хабарлар таъсирида ўзгаради. Шу билан бирга, йирик институционал инвесторларнинг ҳали қайтмагани бозор барқарорлиги учун муҳим хавф омили бўлиб қолмоқда.

Сўмнинг мустаҳкамланиши ижобий кўрсаткич бўлишига қарамай, бу экспортчи компаниялар учун маржа қисқаришига, импортчилар учун эса вақтинчалик устунликка сабаб бўлмоқда.

Депозитлар ҳозирча 20 фоиз атрофида, аммо 8 фоизлик инфляция фонида реал даромад атиги 11-12 фоизни ташкил этади. Бу эса инвесторлар учун «номинал ўсиш, аммо реал турғунлик» ҳолатини юзага келтиради.

 

Инвесторлар учун стратегия

Бугунги бозор шароитида муваффақиятли инвестор нафақат рентабелликни, балки барқарорликни ҳам ҳисобга олади. Қуйидаги беш қадам 2025 йилнинг ўзгарувчан фонд бозорида хавфни камайтириб, даромадни сақлаб қолишга ёрдам беради.

Портфелни фақат йирик индекслар билан чекламанг. UCI билан бир қаторда OTC бозоридаги барқарор эмитентларни ҳам қўшинг. Бу кичик, лекин тез ўсувчи компаниялардан имконият топиш имконини беради.

Барқарор нақд оқим истаганлар учун дивиденд сиёсати фаол компаниялар энг яхши танлов. Uztelecom, Hamkorbank ва шунга ўхшаш 3-4 та ишончли тўловчи компанияни танлаш портфелни мувозанатли қилади.

6-12 ойлик юқори даромадли (27-29 фоизлик) корпоратив облигацияларни ўз ичига олган кичик «pudung» портфел яратинг. Бу қисқа муддатда ҳам хавфсиз, ҳам самарали даромад келтиради.

Бозор ўзгарувчан даврда ликвидликни унутмаслик зарур. Инвестицияларнинг камида 20-30 фоизини тез сотиладиган активларда сақлаш сизга керак пайтда тез ҳаракат қилиш имконини беради.

Сўмнинг мустаҳкамланиши экспортчилар учун босим, импортчилар учун эса афзаллик яратмоқда. Шунинг учун портфелингизда АҚШ доллари ёки олтин активларига жой ажратинг, бу сизни валюта тебранишларидан ҳимоя қилади.

2025 йилнинг учинчи чораги Ўзбекистон фонд бозори учун сифат жиҳатидан ўсиш босқичи бўлди. Янги инвесторлар базаси кенгайиб, таҳлил ва диверсификация маданияти шаклланмоқда. Бозорга кираётган иштирокчилар янада онгли қарорлар қабул қила бошлади, бу эса инвесторлар сегментацияси, яъни уларнинг тажриба ва ёндашувига кўра тафовутланиш жараёнини тезлаштирди.

Шу билан бирга, ҳажм жиҳатидан сустлик ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Ликвидлик муаммоси ҳануз ечимини топгани йўқ, институционал инвесторларнинг фаоллиги эса пастлигича қолмоқда. Бу ҳолат бозорда сифатли ўсиш жараёни бошланганини, аммо у ҳали мустаҳкам пойдеворга айланмаганини кўрсатади.

2025 йил якунини белгиловчи асосий калит сўз «барқарорлик» бўлади. Агар бозор янги инвесторларни узоқ муддатли иштирокчи сифатида ушлаб қола олса, ўсиш суръатлари давом этади. Акс ҳолда, қисқа муддатли жонланиш ўрнини яна эҳтиёткорлик ва кутиш даври эгаллаши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид

Фонд бозори: кичик инвесторлар бозорга кирди, ликвидлик эса ёмонлашди | Vaqt.uz