add

Фонд бозори ноябрда: облигацияларда «Uzum» устун, акциялар бозорида волатиллик юқори

Бугун 13:15793 дақиқа

«Тошкент» Республика фонд биржаси 2025 йил ноябрь ойи якунлари бўйича Main Board савдо статистикасини эълон қилди. Маълумотлар облигациялар сегментида «Uzum» экотизими устунлигини, акциялар бозорида эса кескин ўсиш ва тушишлар фонида юқори волатилликни кўрсатади.

Фонд бозори ноябрда: облигацияларда «Uzum» устун, акциялар бозорида волатиллик юқори

Ноябр ойида облигациялар савдо ҳажми деярли бир марказ атрофида шаклланди. UZUMN2B2 кодли қимматли қоғоз 376,6 млрд сўм ҳажм билан мутлақ етакчи бўлди. Бу иккинчи ўриндаги BFMT3V4 (25,1 млрд сўм) дан қарийб 15 баравар юқори. «Uzum» экотизими Ўзбекистонда онлайн савдо, рақамли банкинг ва насия хизматлари бўйича энг фаол ва кенг танилган гуруҳлардан бири ҳисобланади. Шу фонда инвесторлар «таниш бренд+барқарор купон» комбинациясини афзал кўради ва UZUMN2B2 атрофида ликвидлик тўпланмоқда.

Рейтингнинг кейинги поғоналарини BFMT3V4, ACMT1B3, MKLS3B2 ва ACMT1B эгаллади. ACMT1B ноябрь ойида 35,36 фоизлик ўсиш қайд этди. Умуман олганда, облигациялар сегментида «йирик эмитент+кичик кузатувчилар» модели устун. Инвесторлар асосан брендга, купон барқарорлигига ва иккиламчи бозордаги ликвидликка эътибор қаратмоқда.

Акциялар савдо ҳажми бўйича 4,4 млрд сўм билан биринчи ўринни IQMK (O’zIMQK) эгаллади. Ипотека секюритизацияси бўйича илк пилот эмиссия фонида инвесторлар эътибори кучаймоқда. Кейинги ўринларда URTS (2,76 млрд сўм) ва HMKB (2,51 млрд сўм) жойлашди. UZTL, SQBN, EQQU, UZMK, QZSM, CBSK ва UTYK ҳам ТОП-10 га кирди. EQQU 878 фоиз ўсиши юқори волатилликни кўрсатади. Бундай кескин ўзгаришлар кўпинча паст ликвидлик ва алоҳида йирик битимлар фонида юзага келади, шунинг учун уларни фундаментал ўсиш билан бевосита боғлаш ҳар доим ҳам тўғри бўлмаслиги мумкин.

Тушишлар ҳам кескин: HMKB -73,80 фоиз, UZTL -59,98 фоиз, QZSM -33,47 фоиз, UTYK -32,75 фоиз, CBSK эса -14,68 фоиз пасайишни кўрсатди. Бундай динамикани баҳолашда эмитент бўйича янгиликлар, молиявий натижалар ва савдо ҳажмини кўрмасдан туриб якуний хулоса чиқариш нотўғри. Айрим ҳолларда бу техник сотувлар, айрим ҳолларда эса фундаментал омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ноябр статистикаси Ўзбекистон фонд бозорининг бир нечта муҳим хусусиятини очиб беради. Купон олдиндан маълум, пул оқими прогноз қилинадиган облигациялар нисбатан барқарор. UZUMN2B2 каби эмиссиялар атрофида ликвидлик тўпланиши ҳам шундан далолат беради. Акциялар юқори волатилликка эга. Шу сабаб бир ой ичида юзлаб фоизлик ўсиш ёки кескин пасайиш кузатилиши мумкин.

Бу айниқса ликвидлик чекланган акцияларда яққол кўринади. Облигацияларда UZUMN2B2, акцияларда IQMK, URTS ва HMKB атрофида савдо тўпланган. Бу бозор чуқурлиги ҳали шаклланмаганини кўрсатади. Ноябр-декабр даврида институтлар портфелларини қайта кўриб чиқади, рискларни баланслайди. Шу сабабли айрим эмитентларда техник сотувлар, бошқаларида эса жамланган харидлар кучайиши табиий.

Консерватив инвесторлар учун облигациялар сегменти, хусусан, UZUMN2B2, BFMT3V4, ACMT1B3 барқарор купон ва паст волатиллик туфайли асосий йўналиш бўлиб қолмоқда. Акциялар сегменти юқори риск ва потенциал қабул қиладиган, бозор мантиқини ва янгиликлар таъсирини кузатишга тайёр инвесторлар учун мос.

Бундай шароитда фақат фоизга эмас, балки савдо ҳажми, эмитент фундаментали ва ликвидликга ҳам эътибор бериш муҳим. Ўзбекистон фонд бозори ўсиш босқичида. Янги IPO дастурлари, институционал инвесторлар фаоллиги ва рақамли платформалар кенгайиши келгуси йилларда бозор динамикасини сезиларли ўзгартириши мумкин.

Г.Бозорова тайёрлади.

Теглар

Мавзуга оид