Logo

Гулнора Каримова активларидан молиялаштирилган илк лойиҳа якунланди

Бугун 15:502 дақиқа

Гулнора Каримованинг хориждан қайтарилган активлари ҳисобидан молиялаштирилган «Ишонч» жамғармасининг илк дастури якунланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги дастурнинг якуний натижалари ва эришилган асосий кўрсаткичларни маълум қилди.

Гулнора Каримова активларидан молиялаштирилган илк лойиҳа якунланди

Гулнора Каримованинг хорижда мусодара қилинган активларини Ўзбекистонга қайтариш доирасида ташкил этилган «Ишонч» жамғармаси томонидан молиялаштирилган биринчи йирик лойиҳа якунланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.

2023 йил сентябрь ойида бошланган «Ҳар бир она ва бола яшайди ҳамда ривожланади: Ўзбекистондаги перинатал марказларда оналар ва болалар ўлимини қисқартириш» дастурига жами 43,5 миллион доллар ажратилди. Лойиҳа ЮНИСЕФ, УНФПА ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилди.

Дастур доирасида мамлакат бўйлаб 231 та перинатал муассаса замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди. Шунингдек, 80 мингдан ортиқ тиббиёт ходими қайта тайёрланди, оналик ва чақалоқларга тиббий ёрдам бўйича 49 та клиник протокол ишлаб чиқилди ёки янгиланди.

Вазирлик маълумотига кўра, ахборот кампаниялари орқали қарийб 20 миллион фуқаро қамраб олинган. Бунинг натижасида 4 миллионга яқин аҳолининг сифатли перинатал хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайган.

Мониторинг натижаларига кўра, олдини олиш мумкин бўлган оналар ўлими улуши 2022 йилдаги 77,3 фоиздан 62,8 фоизга тушди. Шунингдек, тана вазни жуда паст бўлган янги туғилган чақалоқларнинг омон қолиш кўрсаткичи қарийб 13 фоизга яхшиланди.

Лойиҳа давомида лаборатория хизматлари имкониятлари кучайтирилди, коррупциянинг олдини олиш механизмлари жорий этилди ҳамда ҳомиладор аёлларни тиббий кузатув билан қамраб олишга қаратилган чоралар амалга оширилди.

Жамғарма ҳақида

«Ишонч» жамғармаси Гулнора Каримованинг хорижда мусодара қилинган активларини Ўзбекистон аҳолиси манфаатлари учун йўналтириш мақсадида ташкил этилган.

2022 йилда Швейсария билан қарийб 131 миллион доллар, 2025 йил февраль ойида эса яна 182 миллион доллар қайтариш бўйича келишувлар имзоланди. Шу тариқа, реституция қилинган маблағлар умумий ҳажми 313 миллион долларга етди.

Расмий маълумотларга кўра, Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа давлатларда Гулнора Каримова ҳамда унга тегишли жиноий гуруҳ активларининг умумий қиймати тахминан 1,4 миллиард долларга баҳоланмоқда. Барча маблағлар фақат «Ишонч» жамғармаси бошқарув қўмитаси тасдиқлаган лойиҳаларга йўналтирилади.

Теглар

Мавзуга оид