
Ҳаво сифати бўйича «ақлли огоҳлантириш тизими» яратиш керак — 7 та таклиф
Экологлар айни пайтдаги чангли ҳаво янги ҳафта охиригача сақланиб қолиши, Ўзгидромет эса декабрнинг биринчи ярми қуруқ ва ёғингарчиликларсиз келишини маълум қилди. Бу шуни англатадики, мамлакатда ҳаво соғлиққа хавфсиз даражага қайтиши учун камида бир ойча вақт керак.

Шундай экан, ҳукумат айни шароитда кўриши керак бўлган ва шу кунларда қилинаётган ишларга қўшимча чоралар юзасидан баъзи таклифларимни билдирмоқчиман.
Биринчидан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги синфхоналар ва боғчаларда зудлик билан рухсат этилган ҳаво сифати бўйича янги стандартлар ишлаб чиқиши керак. Бунда энг реал қадам боғча ва мактабларга ҳаво тозалагичлар ўрнатишни зарурат сифатида белгилаш. Олдиндан айтиб қўяй, бу катта сиёсий ирода талаб қилмайди, аммо миллионлаб болалар соғлиғини асраб қолади. Шифокорлар ҳам PM2.5 кўрсаткичининг узоқ муддат юқорилиги айниқса болалар учун хавфли эканини такрор-такрор айтишяпти.
Икинчидан, боғча ва синфхоналарда ҳаво тозалагичлар ўрнатиш ҳақида гапирарканмиз, энди бошқа бир неча муаммо ҳам юзага чиқадики, бозорларда нархларнинг кескин ошаётгани жиддий эътиборни талаб қилмоқда. Бир неча кун олдин нархи 2–3 миллион сўм турган ҳаво тозалагичлар бугун 600–700 доллар атрофида сотилмоқда. Рақобат қўмитаси бу ҳолатни зудликда ўрганиши шарт. Сунъий нарх ошириш — фавқулодда вазиятдан фойдаланиб, одамларни талашдан бошқа нарса эмас.
Учинчидан, ҳукуматда одамлар соғлиғини сақлаш борасида заррача самимият бўлса, ҳаво тозалагичлар ва филтрлаш техникаларини Ўзбекистонга олиб киришда мажбурий бўлган 20 фоизлик божларни тезда бекор қилиши шарт.
Хўш, бу бож кимнинг манфаатига ўрнатилган? Қайси импортёрлар бозорни ўзида ушлаб турибди? Айни вақтда, мамлакат ҳавоси дунё шаҳарлари ва умуман инсоният учун «қизил» даражасида қолаётган бир паллада бундай божлар мазмунан ҳам, мантиқан ҳам изоҳга муҳтож.
Тўртинчидан, ҳаво сифати ёмонлашиб кетган пайтларда нафақат шаҳар ичидаги қурилишлар, балки, ҳудудлар атрофидаги қазилма ишлари, конлар фаолияти ҳам тўхтатиб турилиши керак. Бунгача чиққан чора-тадбирлар режасида бу чорани кўрмадим. Маълумот учун, бугун пойтахт атрофида жуда катта ҳудудларда қазилма ишлари давом этмоқда.
Бешинчидан, шаҳар экологик харитаси ва геомаълумотлар асосида муаммоли зоналарни эълон қилиш.
Бу дегани – одамлар ўз ҳудуди бўйича аниқ рискни кўра олиши керак.
Ҳозир ҳамма «бугун ёмон», «бугун яхши» даражасида умумий маълумот оляпти, лекин шаҳар ичида ҳудудлар ўртасида ҳам катта фарқлар бор.
Олтинчидан, иқлим ва экология билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда ҳукуматнинг ахборот бериш сиёсати тубдан ислоҳ қилиниши шарт. Бугунги амалиёт халқаро талабларга мутлақо жавоб бермайди: аҳолига ўз вақтида, аниқ, тушунарли ва ҳудудлар бўйича дифференциал маълумот бериш тизими мавжуд эмас. Натижада одамлар на қандай хавф остида турганини билади, на қандай чоралар кўриши кераклигини.
Ривожланган давлатларда бундай кунларда:
реал вақт режимида янгиланадиган PM2.5 хариталари;
ҳудудлар бўйича хавф даражаси кўрсатилган расмий огоҳлантиришлар;
болалар, қариялар ва сурункали касаллиги бор одамлар учун алоҳида тавсиялар;
мобил иловалар орқали пуш-билдиришномалар;
мактаблар ва боғчалар учун алоҳида алгоритмлар ишлайди.
Бизда эса аксинча:
расмий идоралар, умумий, батафсил бўлмаган ва энг ёмони бир кунда фақат бир марта маълумот беради;
PM2.5 кўрсаткичлари “яхши-ёмон” даражасида чеклаб қўйилади;
аҳоли ҳаво қачон хавфли, қачон нисбатан хавфсиз эканини аниқ билмайди;
туманлар бўйича фарқлар умуман эълон қилинмайди.
Бундай ёндашув ахборот етишмаслиги орқали хавфни кучайтиради. Расмийларнинг жим туриши одамлардаги хавотирни фақат кучайтирмоқда — бу эса ишончни янада пасайтиради.
Бугун ҳукуматдан талаб қилинадиган энг оддий стандартлар:
ҳаво сифати бўйича «ақлли огоҳлантириш тизими» яратиш;
ҳар 1–2 соатда янгиланадиган расмий PM2.5 харитаси;
болалар ва мактаблар учун фавқулодда кўрсатмалар;
вазият ёмонлашганда аҳолига дарҳол мобил огоҳлантириш юбориш;
очиқ ва аниқ тушунтиришлар.
Агар ҳукумат шаффофликка жиддий ёндашса, одамлар бугунги хавфли вазиятда ўзини ҳимоя қила оларди. Ҳозирги ахборот сиёсати эса бунинг аксига хизмат қилмоқда.
Еттинчидан, ҳаво ифлосланишининг асосий манбалари бўйича халқаро аудит текшируви ўтказиш:
Кўплаб экологлар муаммони маҳаллий нуқтаи назардан таҳлил қилмоқда, аммо халқаро лабораториялар аниқлиги юқори:
қайси ҳудуддан чанг кўпроқ келаётгани;
саноатнинг улуши;
конларнинг таъсири;
цемент заводларининг эмиссияси аниқ рақамлар билан аниқлаб берилиши керак.
Бугунги каби вазирликларнинг муаммони доим бир-бирига ташлаши, масъулиятни зиммасига олмаслиги, муаммо объектлари ҳали тўла аниқлаб чиқилмагани ҳукумат учун ўта уятли ҳолат.
Шу ўринда айтиш керакки, кўча-кўйда сув сепиш, пойтахтдаги 54 та фонтанни ёқтириб қўйиш бу — косметик чоралар. Ҳаво сифатига реал таъсир кўрсатмайди.
Такрорлайман, одамлар бугун ҳукуматдан шаффоф, аниқ, масъулиятли ва самимий қарорлар кутмоқда.
Vaqt.uz журналисти Илёс Сафаров
Теглар






